MAQOLALAR
ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИНИНГ ЙИЛЛИК КАШФИЁТЛАРИ

 

*Ўтган йилнинг 3-4 июль кунлари ўтказилган Республика олимлари форумида, 23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Буюк аждодлар мероси - Учинчи Ренессанс асоси” мавзусидаги  Халқаро конгрессда, 18-26 октябрь кунлари “Шарқ ренессанслсари феномени: салтанатлар,  тамаддунлар, шахслар ва кашфиётлар” мавзусидаги Халқаро маданий мерос ҳавталигида, шу масалада Саудия Арабистони, Франция, Германия, Испания, Швейцария, Туркия сингари мамлакатларга қилинган хизмат сафарлари давомида ҳам марказимиз фаолиятини такомиллаштириш, концепциясини янгилаш, контентини бойитиш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.

*Йил давомида ўтказилган илмий анжуманларимизда маҳаллий ва хорижий олимлар, мутахассислар томонидан Марказ концепцияси ва контенти учун мингдан ортиқ таклифлар ва лойиҳалар тақдим этилди. Билдирилган мулоҳазаладан келиб чиқиб, Марказ платформасини бешта асосий бўлимга ажратишга қарор қилинди. Бу қарор Марказнинг Кенгайтирилган илмий кенгаши томонидан ҳам маъқулланди.

*Янгиланган концепцияга кўра, биринчи бинонинг марказий қисмидаги биринчи экспозицияда - Қуръон залида Ҳазрати усмон мусҳафи, Ўзбекистонга алоқадор бўлган энг қадимий ва бебаҳо Қуръон қўлёзмалари жойлаштирилади. Иккинчи бўлимди Исломдан аввалги давр цивилизациялари акс эттирилади. Учинчи бўлимда Биринчи Ренессанс даври, шу даврда яратилган илм-фан, адабиёт ва меъморчилик дурдоналари ўз аксини топади. Тўртинчи бўлимда Иккинчи Ренассанс ва ўзбек хонликлари даври, темурийлар, бобурийлар, шайбонийлар, аштархонийлар давридаги илмий-маданий муҳит батафсил ёритилади. Бешинчи экспозиция “XIX аср охири - ХXI аср бошларида Ўзбекистон” ҳамда “Янги Ўзбекистон - Янги Ренессанс” бўлимларини ўз ичига олади.

*2024 йил йилнинг 4-10 август кунлари Ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Саудия Арабистони Қироллигига қилган сафари чоғида Ар-Риёдда, Подшоҳ Фаҳд номидаги миллий кутубхонасидаги Ибн Синонинг 1592 йилда Италияда нашр этилган “Тиб қонунлари” китоби, Имом Бухорийнинг   “Саҳиҳул Бухорий”нинг XI асрда яратилган қадимий қўлёзмаси борлиги аниқланди.  Жиддадаги Ислом санъати музейида “Тиб қонунлари”нинг 1535 йилда Римда нашр этилган яна бир нусхаси борлиги аниқланди.

*Жидда шаҳрида Ҳаж ва Умра вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда вазирликнинг Халқаро ҳамкорлик бўлинмаси раҳбари Ҳасан ибн Яҳё муқаддас Каъбанинг ёпинчиғи (кисва) бўлагини Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказига тақдим қилинишини билдирди.

*23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқандда ўтказилган “Буюк аждодлари мероси - Учинчи Ренессанс асоси” VIII Халқаро конгресси ҳам жуда кўп ёрқин лаҳзаларга, кашфиётларга бой кечди.

Жумладан, Буюк Британиядаги “Ал-Фурқон” фонди раҳбари Сали Шаҳсивари буюк ватандошимиз Қаффол Шошийнинг фиқҳга оид “Маҳосин аш-шариа” қўлёзмасининг дунё фондларидаги нусхаларини ўрганиш бўйича лойиҳасини тақдим этди. Жаноб Шаҳсивари билан бу лойиҳани ҳамкорликда амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.

Британиялик машҳур олима, Лондон Университет Коллежи қошидаги Археология институти илмий ходими Милиана Радивоевич мазкур конгрессда ўзининг Ахсикент тарихий ёдгорлигини тадқиқ қилиш билан боғлик лойихасини тақдим этди.

*15-20 сентябрь кунлари Ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Туркия Республикасига сафари доирасида Фуат Сезгин илм-фан ва технологиялар тарихи музейи, Тўпқопи саройи музейи, Турк-ислом санъати музейи, Сулаймония ва Ромий кутубхоналари тажрибалари яқиндан ўрганилди. Қуръони каримнинг Олтин Ўрда ҳукмдори Ўзбекхон даврида яратилган, темурий шаҳзода Бойсунқур Мирзо томонидан кўчирилган нусхаларининг факсимиль нашрларини яратиш юзасидан музей раҳбарлари билан келишувга эришилди.

Туркия қўлёзма асарлар бошқармаси раиси Жўшқин Йилмаз томонидан “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарининг XIII асрда кўчирилган энг қадимги тўлиқ қўлёзмасининг факсимиль нусхаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий инновацион музейига ҳадя қилинди.

(Истанбулдаги “Юлдуз” саройида Қўқон хони Амир Умархон турк султони Маҳмуд II га ҳадя қилган Қуръони карим нусхаси,  Тўпқопи музейида темурийлар даврига оид қатор нодир осори атиқалар, Темурийлар шажараси, ва Ҳусайн Бойқаро даврида кўчирилган, ҳарбий юришларда байроқ тепасида олиб юрилган ўрама шаклдаги Қуръон, Бухоро амирининг турк султони Абдулҳамид II га юборган ҳадялари борлиги аниқланди.

*Қуръони каримни 1500 йиллик хат ва безак услубларини ўз ичига олган қўлёзмасини қўлда кўчириб, Туркияч Президенти Режеп Тайип Эрдўғанга ҳадя қилган машҳур хаттот Ҳусайн Кутлу билан музокаралар олиб борилди.  Ушбу мусҳафнинг бир нусхаси Тошкентга олиб келинди. Ўзбек хаттотлари Истанбулда Ҳусайн Кутлу тажрибасини ўрганишди.

Туркиянинг “Мега-Басим” нашриёт уйи билан ҳамкорликда “Ўзбекистон қўлёзма меросида тарихий шахслар”, “Клавихонинг Амир Темур салтанатига саёҳати”, “Қуръони каримнинг 114 нодир қўлёзмаси”, “Ўзбекистоннинг ноёб мусҳафлари” китоб-альбомларини чоп этиш бўйича келишувларга эришилди. 

*18-26 октябрь кунлари “Шарқ ренессанслсари феномени: салтанатлар, тамаддунлар, шахслар ва кашфиётлар” мавзусидаги Халқаро маданий мерос ҳафталигида ҳам қатор лойиҳалар ва кашфиётлар эълон қилинди.

Ҳафталикда Россиянинг “Сила света”, «Сбер», Туркиянинг “Оутдор фактори” компаниялари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари учун ўзларининг интерактив лойиҳаларини тақдим этишди. 

Франция академик тадқиқотлар институти раҳбари Карим Ифрак, Текирдағ университети профессори доктор Халид Эрен, Истанбул универитети профессори Эмек Ушенмез маданий мерос ҳафталигида Ўзбекистон билан бевосита алоқадор бўлган бир қатор нодир Қуръон лойиҳаларини намойиш қилишди. Улар орасида Қўқон хони Амир Умархоннинг турк султонига совға сифатида юборган Қуръон қўлёзмаси, XIV асрга оид Амир Темур Қуръони, 1218 йилда Олтин Ўрда ҳукмдори Ўзбекхон топшириғига кўра битилган Ўзбекхон Қуръони, темурий маликалардан бири Шодмалик бегим томонидан кўчирилган мусҳаф нусхаси алоҳида ўрин тутади. Германиялик шарқшунос Айсима Мирсултон Бобурийлар даврида яратилган туркий тилдаги қимматли альбомлар топилгани ҳақида маълумот берди. Бу альбом буюк боборурийлар асрлар ўтсада ўз саданияти, тарихи ва она тили ва адабиётига содиқ қолганини кўрсатади.

Памук-кале университети профессори Маҳмудо Язичи ушбу таълим масканида сақланаётган, буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” тўпламининг 825 йиллик нусхаси ҳақида маълумот берди.

Шу билан бирга Россия Фанлар академияси тарих институти илмий ходими Нигора Двуреченская томонидан ўрганилаётган, Сурхондарё вилояти ҳудудидаги Узундара археология ёдгорлигини реставрация қилиш, Япониянинг Михо музейи махсус ходими Сергей Лаптевнинг мамлакатимизга оид нумизматика намуналари ҳақидаги маърузалари, Россия Этнология ва археология институти илмий ходими Ирина Аржанцеванинг Қадимги Хоразм цивилизацияси, Тожикистон Миллий университети профессори Бадриддин Мақсудовнинг соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ҳақидаги туркий қўлёзма ҳақидаги лойиҳалари ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Ҳафталик дастуриданг бир қатор медиа лойиҳалар ҳам ўрин олди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Тирик тарих” дастурининг тақдимотида буюк аждодларимиз ва ўтмишимиз ҳақида ҳикоя қилувчи кинолойиҳалар ҳам иштирокчиларни бефарқ қолдирмади. Ушбу йирик лойиҳа бўйича Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази сингари қатор ижора ва ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Кино ва медиа йўналишида кўпгина халқаро киностудиялар, телеканаллар билан алоқа ўрнатганмиз. Жумладан, “ТРТ-Аваз” билан “Турклар асри” медиа-лойиҳаси, “Россия-Культура” билан ҳамкорликда “Ўзбекистон археологияси” мавзусидаги ўн қисмли ҳужжатли фильм, “Би-Би-Си” билан ҳамкорликда Ўзбекистонга оид Қуръон қўлёзмалари ҳақида махсус лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

18-20 ноябрь кунлари Истанбулда буюк мутафаккир Али Қушчи вафотининг 550 йиллиги муносабати ўтказилган симпозиумда ҳам буюк ватандошимиз ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ бир қатор янги маълумотар қўлга киритилди. Симпозиум доирасида ўтказилган кўргазмада Али Қушчи ва унинг илмий мактаби вакиллари қаламига мансуб қирқдан ортиқ қўлёзмалар намойиш қилинди.

Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез айни пайтда Али Қушчининг ўғли Қози Али Қушчизода Афанди қаламига мансуб, деҳқончилик илмига бағишланган, туркий тилда битилган “Равнуқул-бўстон” асари қўлёзмаси топилганини маълум қилди. 

*28 ноябрь-2 декабрь кунлари Марказнинг раҳбар ва ходимлари Буюк Британиянинг Бодлеан кутубхонасида бўлиб, бу ерда сақланаётган, Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар, жумладан, ҳазрат Навоийнинг муборак нигоҳи тушган «Хамса» қўлёзмаси билан танишилди.

Буюк астроном олим Мирзо Улуғбекнинг бу ерда сақланаётган «Зижи Кўрагоний» асари нусхаси ҳам шу ерда сақланади. Бу қўлёзмани салкам тўрт аср илгари оксфордлик олим Жон Грейвс (1602-1652) сотиб олган ва китоб ҳошиясида лотин тилида қайдлар киритган. Китоб саҳифаларида усмонли турк тилида ҳам битиклар учрайди. Демак, бу қўлёзма анча вақт Усмонийлар саройи кутубхонасида сақланган. Катта эҳтимол билан, “Зижи Кўрагоний”нинг ушбу нусхасини Истанбулга Али Қушчининг ўзи олиб келган. Жон Грейвс 1640-1650 йиллардаги саёҳатлари асносида бу қўлёзмани қўлга киритган ва Оксфордга олиб келган. Кейинчалик Лондонда машҳур Гринвич Қироллик обсерваторияси қурилишида ҳам айнан шу асар асос бўлганини тахмин қилиш мумкин.

Бодлеан кутубхонаси мутасаддилари билан учрашув чоғида буюк аждодларимизга тегишли бебаҳо қўлёзмаларнинг факсимиль нашрини чоп этиш учун уларнинг нусхаларини олиш бўйича келишиб олинди.  

10 декабрь куни Малайзияда ўтказилган йирик халқаро форум доирасида Ислом тафаккури ва цивилизацияси институти хузуридаги Ислом цивилизацияси кутубхонасидан Ўзбекистон маданий меросига оид қўлёзмалар топилди.  Қўлёзмалардан бири бу аллома Абу Райҳон Беруний қаламига мансуб бўлган "Ат-Тафҳим" асаридир. Само жисмларини ўрганиш масалаларига бағишланган бу асар 1197 йилда кўчирилган. 

Иккинчи қўлёзма Абулқосим Фирдавсийнинг Шоҳнома асарининг ўрта асрларда кўчирилган қўлёзмасидир.  Қўлёзма настаълиқ хатида темурийлар китобат санъатига хос услубда кўчирилган бўлиб, ундан 29 та миниатюра ўрин олган. Ушбу миниатюраларда Камолиддин Беҳзод мактабига хос унсурлар кўзга ташланади. Кутубхона раҳбарияти мазкур қўлёзмаларнинг нусхаларини Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига фондига топширишларини маълум қилишди.