Давлатмамед Озодий – бу улуғ шоир қардош туркман халқининг буюк фарзанди Махтумқулининг падари бузруквори эканини кўпчилик билмаса керак. Махтумқули буюк шоир бўлиб етишишида ҳам аввало унинг отаси катта ўрин тутган, десак янглишмаймиз.
Маълумотларга кўра, ушбу авлоднинг бошланғич нуқтаси Махтумқули эгарчига бориб тақалади. У тахминан 1654 йилда Копетдоғ этакларидаги Ҳожи Говшан қишлоғида туғилган. Эгарсозлик билан шуғулланган. Махтумқули эгарчи қирқ ёшга кирганда фарзандли бўлган ва унга Давлатмамат исмини қўйган. Бола 12 ёшга етганида ота дунёдан ўтади.
Ривоятларда айтилишича, кунларнинг бирида Давлатмамат туш куради. Тушида пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) кириб, “Сен дўзахдан озодсан” деган эмишлар. Шу сабабли Давлатмамат ўзига Озодий тахаллусини танлаган экан.
Давлатмамат аввал қишлоқ мактабида, кейин эса, тоғаларининг кўмагида Хива мадрасаларида таҳсил олган. Заргарлик, табиблик ҳунарларини пухта эгаллаш баробарида, қишлоқ мактабида болаларга сабоқ бергани боис ҳамма уни эҳтиром ила Мулла Давлатмамат деб чақирган.
У навқирон ёшида ўз овулидан Оразгул исмли гўзал қизга уйланади. У билан ўн беш-ўн олти йил бахтли турмуш кечириб, бир этак вояга етказади. Озодийнинг Абдулла, Матсафо, Махтумқули исмли ўғиллари, Зубайда исмли қизи ҳақида маълумотлар бизгача етиб келган. Мулла Давлатмамат иккинчи ўғлига бошдан алоҳида меҳр қўйган, шу боис унга отасининг исмини берган. Шоирнинг катта фарзандлари деҳқончилик ва савдо-сотиқ йўлидан кетишди.
Бироқ, ажал шоирнинг аёли Оразгулни бу оламдан жуда эрта олиб кетди. Мулла Давлатмамат тақдирнинг бу зарбасини мардонавор қарши олди. Зотан, ҳар бир савдони босиқлик ва собирлик билан қарши олмоқни у фарзандларига мудом уқтириб келарди.
Йиғлагил шому саҳарлар баччавор,
Йиғласа гул, раҳматин баҳри жўшар,
Мулла Давлатмамат фақат ўзи учун эмас, есир қолган болаларининг бошини силайдиган, уларга чин оналик меҳрини бера оладиган, кўнгли юмшоқ аёл билан тақдирини боғлашни истарди. Шу боис, у кўчманчи туркманлардан бўлган бир аёлга уйланди. Аёл болаларга ўз фарзандларидек муносабатда бўлгани боис, ўгайлиги асло сезилмади.
Болалар кун сайин улғайиб боришар, мулла Давлатмамат эса, мактабдорликдан, ёзиш-чизишдан бўшамасди. Бўш пайтларида ўткинчи карвонлардан, бир пайтлар Хивада бирга ўқиган дўст-ёронлардан олган китобларни тиззаси устига қўйиб мук тушганча мутолаага берилар, эзгулик, инсонийликка даъват этувчи мисраларни битарди:
Каъба вайрон этмадан минг мартаба,
Бир кўнгул йиқмоқ ёмондур, эй дада.
Муллат Давлатмамат туркий тиллар билан бир қаторда форс ва араб тилларидан ҳам яхши хабардор эди. Кайковуснинг “Қобуснома”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Низомийнинг “Махзанул-асрор”, Саъдийнинг “Бўстон” ва “Гулистон”, Навоийнинг “Ҳайратул-аброр” сингари асарларини диққат билан ўқиб ўрганди. 1740 йилда ўзининг салкам беш минг мисрадлан иборат панднома асари “Ваъзи Озодий”ни ёзиб қолдирди.
Махтумқули ҳам ота изидан бориб, ўз даврининг энг қудратли сўз усталаридан бирига айланди. Марказий ва Кичик Осиё, Эрон, Хитой ва Ҳиндистоннинг кўплаб шаҳарларида бўлди. Қаерда бўлмасин Махтумқули бир умр отасининг панд-насиҳатларига, ўгитларига амал қилиб яшаган. Ҳар доим падарининг иззат-ҳурмати, эҳтиромини ўринлатарди.
Молу давлатларга кўнгил қўймади,
Бу жаҳоннинг ишратини суймади,
Эски шолдан ортиқ либос киймади,
Охиратда бўлди қасди отамнинг.
Севган аёлининг фироғи етмаганидек икки катта ўғли Матсафа билан Абдулланинг доғи ҳам Муллат Давлатмаматнинг қаддини букиб қўйди. Бир гал тижорат мақсадида йўлга отланган ака-ука шу кетганича уйга қайтишмади. Ота умрининг охиригача шу икки фарзандининг йўлига кўз тикиб яшади.
Наврўзни азалдан туркманлар орзиқиб кутишади. Худди ана шу қутлуғ бир кунда туркман эли ўзининг энг буюк фарзандларидан бири билан видолашди. 1760 йилнинг 22 март куни Давлатмамат Озодий олтмиш ёшида дунёдан ўтди. Яна бир буюк фарзанд эса, отасининг жонсиз вужуди устида юм-юм кўз ёш тўкиб қолаверди. Мотамдан, алам ва қайғудан эриб оққан Махтмқулининг юрагидан шу сўзлар сизиб чиқди:
Фалак, сокин эдим, сен дучор бўлдинг,
Кўзларим нурони – Озодим қани?
Юрагим суғуриб сакларга бердинг,
Шаҳримнинг султони – Озодим қани?..
Махтумқули ҳам ўз умрининг охирида уни отасининг ёнига қўйишларини васият қилган. Айни пайтда бу икки буюк шоирнинг қабрлари Эроннинг Гулистон вилоятида жойлашган қадимий “Оқтўқай” қабристони ҳудудидадир. Ота ва ўғил Озодий ва Махтумқули ўзларидан абадиятга дахлдор бебаҳо асарлар, ўлмас шеърларни мерос қилиб қолдиришди.
Давлатмамед Озодий образини яқинда Ўзбекистон Республикаси президенти фармонига мувофиқ, "Тирик тарих" дастури доирасида суратга олинган "Махтумқули" фильмида ҳам кўришимиз мумкин. Режиссер М.Эркинов суратга олган мазкур фильмда Озодий ролини Туркманистон Халқ артисти Чори Бердиев ижро этган.