Мир Али Табризий
1330-1405 yy.

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Биографиясига оид маълумотлар жуда кам сақланган. Амир Темур ва Шоҳрух Мирзо хизматида хаттотлик билан шуғулланган. “Қиблат ул-куттоб” (“Котибларнинг пешқадами”) номи билан шуҳрат қозонган. Мир Али Табризий кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Улардан икки киши – бири мавлоно Жаъфар Шоҳрух Мирзо замонида хушхатликда ном чиқарган. Иккинчиси – Мирабулҳай китобат санъатида, иншо ва таҳрирда тенги йўқ котиб бўлиб, султон Абу Саид замонида иншонависликда пешқадам бўлган.
 XV аср охирларида Мир Али Табризий “насх” ва “таълиқ” хатларининг белгиларини бир-бирига уйғунлаштириб, насхтаълиқ хатини яратди. Насхтаълиқ атамаси кейинчалик настаълиқ шаклини олди. Мир Али Табризий томонидан яратилган настаълиқ хатининг қонун- қоидалари баён этилган махсус шеърий рисола Хуросон ва Мовароуннаҳрда ушбу хат тури бўйича қўлланма сифатида хизмат қилган. 
Кўчирган қўлёзмалари дунёнинг машҳур илмий- маданий муассасаларида сақланмоқда. Жумладан, Кирмонийнинг 1396 йилда кўчирилган “Ҳумой ва Ҳумоюн”, “Камолнома”, “Равзат ал-анвор” достонлари – Британия музейида, Саъдийнинг 1377 йилда кўчирилган “Куллиёт”ва “Бўстон” асарлари, Низомий ва Деҳлавий “Хамса”лари – Эрон Миллий кутубхонасида ва қитъалардан намуналар Санкт-Петербургдаги Россия миллий кутубхонаси фондларида бизгача етиб келган. 
Настаълиқ XV асрдан бошлаб Мовароуннаҳр, Эрон, Озарбайжон, умуман, араб ёзувидан фойдаланувчи Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари орасида кенг тарқалди. Шу даврдан бошлаб, нодир китоблар, ҳуснихат намуналари, қитъалар настаълиқда ёзиладиган бўлди. Кейинроқ эса оддий, кундалик ёзувларда ҳам настаълиқдан фойдаланилди. 

 

ФИЛИМЛАР
АУДИОЛАВҲАЛАР
ФОТОГАЛАРEЯ
ЭЛЕКТРОН КИТОБЛАР НУСХАСИ