
ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Ан-Нотилий юнон тили ва фалсафаси ҳамда аниқ фанлар ва табобат ҳақидаги чуқур билимлар эгаси бўлган. Шунинг учун ҳам у ёш Абу Али ибн Синога зикр этилган фанларнинг назарий асосларини ўргатган устоз сифатида эътироф этилади. Мазкур олимнинг Ибн Сино ҳаётида пайдо бўлиши унинг отаси Абдуллоҳнинг олимларга бўлган юксак ҳурматининг натижасидир.
Ан-Нотилийнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси қаторида қадимги юнон табиби ва доришуноси Диоскорид Педанийнинг (мил. I аср) “Materia Medica” (“Дори воситалари”, арабчаси: “Китоб ал-ҳашоиш”) асарининг араб тилига қилинган таржимаси алоҳида ўрин тутади. Мазкур юнон олимининг араб тилида ижод қилган тадқиқотчилар орасида оммалашуви ва унинг илмий ютуқларининг тарқалиши айнан ан-Нотилийнинг таржимаси туфайли содир бўлган. Беш қисмдан иборат мазкур китобда ўша даврда маълум бўлган 750 га яқин дори, жумладан, 570 ўсимлик тавсифланган. Асарнинг олдинги таржималари, жумладан, “Байт ал-ҳикма”да фаолият кўрсатган Истифан ибн Басил таржимасида кўплаб дорилар ва ўсимликларнинг номлари фақат юнон тилида берилган бўлиб, бу ҳол юнончани билмайдиганлар учун муайян қийинчиликларни туғдирган. Ан-Нотилий илмий меросида Бухоро табобат мактабининг олимдан олдинги даврига оид тажрибани умумлаштиришга қаратилган фаолият алоҳида илмий қимматга моликдир. Ан-Нотилий бир қатор табиий фанларга оид асарлар ҳам ёзгани маълум, лекин улар ҳали яхши ўрганилмаган.