Абу Саҳл Исо ибн Яҳё ал-Масиҳий
(vafoti 1010 y.)

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Ал-Масиҳий 970–971 йилларда Хуросоннинг Журжон (Гургон) шаҳрида туғилган, Бағдодда таълим олган. Хоразмшоҳ Маъмун ибн Муҳаммад (995–997) нинг таклифи билан Бағдоддан Хоразмга келади. Бу ерда у замонасининг буюк олимлари билан учрашади, улар билан илмий тадқиқотлар ўтказади, табобат бўйича толиби илмларга дарс беради. Ал-Масиҳийнинг тиббий машғулотларида Ибн Сино ҳам иштирок этган. Олим Султон Маҳмуднинг Ғазнага келиш таклифини рад этиб, 1010 йилда Ибн Сино билан Хоразмдан Журжонга кетаётган вақтда, йўлда вафот этади. Шунда у 40 ёшда бўлган.
Ал-Масиҳий аниқ фанлар, табобат ва фалсафа билан шуғулланган, уларга оид асарлар ёзган. Уларнинг умумий сони аниқ бўлмаса-да, ал-Берунийга бағишлаб геометрия, астрономия, иқлимшунослик, мунажжимлик, этика ва тилшуносликка доир 12 та асар ёзгани маълум. Ал-Масиҳий олим бўлиш билан бирга, шеърлар ҳам ёзган. Унинг шеърий парчаларидан бирини ал-Беруний ўзининг “Хронология” асарига киритган. Бундан ташқари доришуносликка оид “Китоб ас-сайдана” асарида ҳам ал- Масиҳийга ишоралар бор.
Ал-Масиҳийнинг илмий қизиқишлари кўпроқ табобатга қаратилган эди. Тиб илми бўйича олимнинг 8 та асари сақланиб қолган. Мавзуларига кўра улар мизож, томир бўйича ташхис қўйиш, юқумли касалликлар ва табобатнинг умумий масалаларига оиддир. Улардан энг йириги “Кутуб ал- миа фи-с-синоъат ат-тиббийя” (“Тиб санъати бўйича юз китоб”)дир. Унда ўша давр табобатининг кўплаб назарий ва амалий масалалари қамраб олинган. Ибн Сино тиб илмида ал-Масиҳийдан дарс олганини ҳисобга олсак, ўзининг “Тиб қонунлари”ни ёзишда ҳам устозининг бу асаридан намуна сифатида фойдаланган, дейиш мумкин. 
“Кутуб ал-миа”нинг турли асрларда кўчирилган қўлёзма нусхалари дунёнинг кўплаб кутубхоналарида сақланади. Бу эса асарнинг машҳурлиги ва аҳамиятидан далолатдир. У тиббиёт бўйича муҳим манбалар қаторидаги ўрнини ҳозирга қадар сақлаб қолмоқда. Шунингдек, ал-Масиҳийнинг жаҳон фанидаги юксак ўрни унинг Ибн Сино ва ал-Беруний каби забардаст олимларнинг устозлари қаторида бўлгани билан белгиланади.  

 

ФИЛИМЛАР
АУДИОЛАВҲАЛАР
ФОТОГАЛАРEЯ
ЭЛЕКТРОН КИТОБЛАР НУСХАСИ