
ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Ҳаким Термизий 820 йилда туғилган. Онасидан эрта, 8 ёшда етим қолган. Отаси унинг тарбияси билан жиддий шуғулланиб, диний ва аниқ илмларни ўргатади.
А.Навоий «Насойимул муҳаббат» асарида Ҳаким Термизийнинг ботиний ва зоҳирий билимларга доир кўп китоблар ёзгани ҳамда Абутуроб Нахшабий, Аҳмад Хазравия ва Ибни Жалоллар билан ҳамсуҳбат бўлгани ҳақида батафсил маълумот берган. У ҳадис илмини Абу Муҳаммад Сиддиқ Солиҳ ибни Муҳаммад ибни Наср Термизий, Солиҳ ибни Абдуллоҳ Термизийлардан ўрганади.
Ҳаж сафари даврида Ҳаким Термизий Нишопур, Бағдод, Миср, Макка ва Мадинада, Шомда бўлиб, ўша даврнинг йирик алломалари билан илмий баҳс ва мунозараларда иштирок этади.
Ҳаким Термизий илм-фаннинг турли соҳаларида машҳур бўлгани учун уни замондошлари «ал-Ҳаким» деб улуғлашган.
Ўз ватанига қайтгач, у муттасил ижод билан шуғулланади.
Мисрлик олим шайх Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Бараканинг далолат беришича, Ҳаким Термизий 400 дан ортиқ асарлар ёзган бўлиб, уларнинг 60 га яқини бизгача етиб келган. Уларнинг орасида ҳадисларга бағишланган «Наводирул-усул фи маърифат ахбори Расул» («Расулуллоҳ хабарларини билишда ноёб усуллар») китоби алоҳида ўрин тутади. Кейинги икки «Китоб ҳақиқату-л-одамия» («Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб») ва «Адабу-н-нафс» («Нафс одоби») рисолалари фалсафа ва сўфийликка оид асарлардир.
Ҳаким Термизий яратган кўплаб асарлар Дамашқдаги Зоҳирия, Мисрдаги Искандария, Лондон, Париж каби йирик шаҳарларнинг Миллий кутубхоналарида сақланиб келмоқда. Бизнинг юртимиздаги Миллий кутубхона, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ҳам Ҳаким Термизий асарлари қўлёзмалари сақланади.
Ҳаким Термизий ўз асарларида жамият манфаатини ҳимоя қилиш, инсон камолотини кўзлаш, уни шарафлаш бош масала экани ва бу мавзу барча замонлар учун долзарб эканини таъкидлайди. Аллома 869 — йилда вафот этган. Унинг мақбараси Амударё соҳилида, Термиз шаҳри яқинида жойлашган.
Ҳаким Термизий ижодидан:
Дебдур, шукр қалбни неъмат соҳиби Аллоҳга бағишлашдир.
Дебдур, Изҳор бошқаларнинг насибасини ўзингникидан ортиқ кўрмоғингдир.
Дебдур, юз шайтоннинг одамга қиладиган ёмонлигидан, нафснинг одамга қиладиган фасоди ёмонроқдир.
Дебдур, йўлнинг ниҳояти ва интиҳоси бўлади, лекин кўнгилнинг йўли бениҳоят ва бағоятдир.
Дебдур, озод ул кишидурларки, ҳеч бандадин ҳеч нимани таъма қилмайди.
Ал-Ҳаким Ат-Термизийнинг "Қайтарилган амаллар" асари тарихи
Муҳаммад Ҳаким Термизий меъморий мажмуаси ҳақида
Ал Ҳаким Ат-Термизий зиёратгоҳи
Ҳаким Термизий