Абу Райҳон Беруний
973-1048 yy.

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Хоразм Маъмун академиясининг йирик вакили, хоразмлик қомусий олим Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний астрономия, математика, маъданшунослик, география, тарих, доришунослик ва бошқа фанларга оид 150 га яқин асарлар ёзган, шулардан бизгача 31 таси етиб келган. Уларнинг орасида алломанинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» (Хронология) – энг таниқли асарларидан биридир. Қадимги ва ўрта асрлар давлатлари ва халқлари вақт ҳисоби тарихига бағишланган бўлиб, унда уларнинг диний ва миллий урф-одатлари, байрамлари ҳақида маълумот берилган. Ал-Беруний қадимги Ҳиндистоннинг тили – санскритни ўргангани учун, у ушбу мамлакатнинг қадимги маданиятини тушунган, уни бошқа маданий анъаналар билан қиёслаган ва холис хулосалар чиқарган, илмий матнларини санскритдан арабчага ва арабчадан санскритга таржима қилган, Ҳиндистоннинг илмий ютуқлари билан танишган. Европа Ал-Беруний лотин тилига таржима қилинган асарлари туфайли ўзи учун Шарқ илм-фанлари ва бой маданиятини кашф этди. Шундай қилиб, Беруний шарқшунослик, индология, қиёсий диншуносликнинг шаклланишига катта ҳисса қўшди. Ҳиндистон қомуси бўлмиш «Ҳиндистон» асарида олим ҳиндистонликларнинг урф-одатлари, диний эътиқодлари, байрамлари ва илм-фани ҳақида маълумот беради.
«Ал-Қонун ал-Масъудий» («Масъуд қонуни») – султон Масъуд Ғазнавийга бағишланган астрономия бўйича китоб бўлиб, ўрта асрлар астрономияси ва математикаси қомуси саналади. Унда астрономия, математика, тригонометрия, география, хронология, шунингдек астролабия ва бошқа ўлчов асбоблари бўйича 500 дан ортиқ савол ва жавоблари бор. Ушбу асарда Беруний биринчи бўлиб келтирилган барча хулосаларнинг батафсил экспериментал ва математик исботларини тақдим этиш қоидасини киритди. Ундан олдин анъанавий араб астрономик жадвалларида бундай бўлмаган.
Берунийнинг сферик тригонометрия соҳасидаги чуқур билимлари машҳур "Геодезия" рисоласида ўз аксини топган. Унда шаҳарлар орасидаги масофани топиш қоидаси келтирилган, оригинал мантиқий усул билан Африка қитъаси жанубдан океан сувлари билан ювилиб туриши исботланган. «Минералогия» асарида Беруний биринчи бўлиб ўзи яратган асбоб ёрдамида қаттиқ жисм ва суюқликларнинг солиштирма оғирлигини ўлчади ва шу асосда минераллар таснифини таклиф этди. Ўша давр кимёсида турғун ўрнашиб қолган утопик ғоя — оддий металларнинг қимматбаҳо металларга айланиши назариясини танқид қилди. «Китоб ас-сайдана фи-т-тибб» («Табобатда доришунослик») китобда ўсимликлар, ҳайвонлар ва минераллардан олинадиган 1048 та дори ва уларнинг турли тиллардаги номлари келтирилган.
Берунийнинг кўп қиррали фаолияти ва бой илмий мероси шуни кўрсатадики, у жаҳондаги энг буюк олимлар қаторида муҳим ўринни эгаллайди. Берунийнинг исми Ойдаги кратер номида абадийлаштирилди. 1986 йилда Қуёш тизимида кашф этилган ва Гарвард марказида 9936-рақам билан рўйхатга олинган кичик планеталарнинг бирига ҳам Берунийнинг номи берилган.

ФИЛИМЛАР
Abu Rayhon Beruniyning "Hindiston" asari tarixi
Абу Райҳон Беруний ҳақида 10 та факт
Абу Райҳон Беруний
Аль-Бируни. «Мудрость веков»
АУДИОЛАВҲАЛАР
ФОТОГАЛАРEЯ
ЭЛЕКТРОН КИТОБЛАР НУСХАСИ
Феруза
Ўйлар, ҳикматлар, нақллар, шеърлар
Танланган асарлар. 5-жилд. 1-китоб. Қонуни масъудий