Ҳусайн Воиз Кошифий
1442–1505 yy.

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Буюк мутафаккир, илоҳиётчи олим, адиб ва ўз даврида воизлик санъатининг йирик намояндаси бўлган Ҳусайн Воиз Кошифий 1442–1505 йилларда яшаб ўтган.
Унинг тўлиқ исми Ҳусайн ибн Али Байҳақий Сабзаворий бўлиб, Камолиддин эса унинг лақабидир. Ёшлигидан воизлик, яъни, нотиқлик билан шуғулланганлиги сабаб Воиз Кошифий тахаллуси билан ҳам машҳур бўлган. Бу борада Алишер Навоий: «Мавлоно Ҳусайн Воиз Кошифий тахаллус қилур, сабзаворликдур», – деб ёзган.
Ҳусайн Воиз Кошифий ҳаёти ҳақида маълумотлар кам бўлсада, лекин унинг маънавий мероси ҳақида кўплаб манбаларда хабар берилган. Маълумотларга кўра, у Байҳақ вилояти Сабзавор қишлоғида таваллуд топган. Лекин бутун ҳаёти давомида Ҳиротда яшаб ижод қилган.
Манбаларда келтирилишича, йирик илмий-маданий марказлардан бири ҳисобланган Байҳақ вилоятидаги Сабзавор қишлоғи Машҳаддан 300 км. ғарбда жойлашган. Унинг қадимий номи Хусравжид, кейинчалик Сабзавор деб аталган. Ҳусайн Воиз Кошифий ўзи яшаган даврнинг мураккаб тарихий-ижтимоий ҳолатига нисбатан ўз шахсий муносабатини асарларида ифода этган. Унинг асарлари орқали Ҳирот илмий марказининг ХВ–ХВИ асрлар тарихини ўрганиш мумкин.
Кошифий илмий фаолиятининг асосий қисми ХВ асрнинг 70 йилларидан то умрининг охиригача бўлган вақтга тўғри келади. Бу вақтда Хуросонда темурийзодалардан Абулқосим Бобур, Абу Саид Мирзо, Султон Ҳусайн Мирзолар ҳукмронлик қилганлар.
Темурийзодаларнинг тожу тахт учун курашган энг таҳликали ва мураккаб даврида яшагани ва бу жараёнларда ўзи ҳам бевосита ва билвосита иштирок этгани боис Ҳусайн Воиз Кошифий ўзининг асарларида диний-ижтимоий низоларни мўътадиллик ва бағрикенглик асосида ҳал қилишга катта эътибор қаратган. Бунда унга буюк олим, ўз даврининг етук мутафаккири, шоир Алишер Навоий катта ёрдам беради ва бевосита раҳнамолик қилади.
Кошифийнинг ўзига хос яна бир жиҳати у жуда кучли ва таъсирли нотиқ эди. Манбаларда Алишер Навоий ўзи ёзган мадҳия ёки марцияларини фақат унга ўқитибгина кўнгли таскин топгани ҳақида маълумотлар учрайди. Чунончи, Жомий вафотига Навоий ёзган қуйидаги марция бунга яққол исбот бўла олади. «Ул жумладин ҳуруф роқими бу марция билан тарихни айтиб, йили оши тортарда султони Соҳибқирон (Ҳусайн Байқаро) олий мажлисларида ўткарди ва ҳукм бўлдиким, мавлоно Ҳусайн Воиз минбар устида ўқиди ...». Юқорида келтирилган маълумотлардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, Воиз Кошифийнинг нафақат илми, балки унинг одобу ахлоқи ҳам юксак даражада бўлгани учун Алишер Навоий ва Ҳусайн Байқаролар уни ҳурмат ва эҳтиром қилиб, ўз мажлисларида унинг ваъз-насиҳатларини тинглаганлар. Бу борада Мир Саид Шариф Роқим: «Мавлоно Камолиддин Ҳусайн Али Воиз Кошифий баланд овозда яхши ваъз қилгани учун олимлар ва фозиллар ўзларининг хос мажлисларида уни таклиф қилишар эди», – деб ёзади.
ХВИ асрнинг машҳур тарихчиларидан бири Хондамир ўз замондоши Кошифий ҳақида бир неча асарларида юксак эътибор ва эҳтиром билан тилга олиб ўтиб шундай муҳим маълумотларни беради: «Мавлоно Камолиддин Ҳусайн Воиз турли хил маъқул илмлар ва турлича нақл этилган фанлардан тамом фойда олган ва баҳраманддур....».
Кошифий ўзи ўрганган илму маърифатига таянган ҳолда кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Маълумотларда келтирилишича, Кошифий фалсафа, ахлоқ, тилшунослик, сиёсат, дин тарихи, воизлик, шеър санъати каби фанларга оид 40 дан ортиқ асар таълиф қилган. Жумладан, «Ахлоқи Муҳсиний» (Яхши хулқлар), «Рисолаи Ҳотамия», «Анвори Суҳайлий», «Ахлоқи Карим», «Жавоҳирнома», «Тафсири Ҳусайний», «Футувватномаи Султоний» каби асарлар шулар жумласидандир.
Ҳусайн Воиз Кошифийнинг энг машҳур асари «Ахлоқи Муҳсиний» бўлиб, олим бу асарни 1495 йилда ёзиб тугатган. Асар Султон Ҳусайн Мирзонинг ўғли, темурий шаҳзода, Марв ҳукмдори Абул Муҳсин Мирзога бағишланган. Шу сабабли, китобнинг номи асл мазмуни «Яхши хулқлар»дан ташқари «Муҳсинийнинг ахлоқи» маъносини ҳам англатади.
Бу асар 40 бобдан иборат бўлиб, бошланғич бобларда ибодат, дуо, ихлос ва бошқа тушунча, атамалар баёни, кейингиларида эса, подшоҳ ва юксак мартабали давлат арбобларининг вазифалари, ахлоқ-одоби, мулозимлари билан муносабати жуда кўплаб тарихий шахслар тўғрисидаги маълумотлар асосида ёритилган. Китобда ахлоққа оид бошқа машҳур асарларга иқтибос ва ҳаволалар кўплаб учрайди. Шунинг учун, Кошифий ўзини мусанниф, яъни «асар тузувчиси», деб атаган.
Китобда мусанниф аввал ахлоққа оид бирор сўз ва тушунчани изоҳлаб, кейин унга ўқувчи амал қилиши учун нақлий ва ақлий далиллар келтиради. Нақлий далил деганда, Қуръон оятлари, ҳадислар ҳамда хабарларда келтирилган ривоятлар тушунилади. Ақлий далил эса бирор ахлоқий қоидага амал қилишнинг мантиқий асосланган хулосаларини англатади. Бунда олим асарда ўз фикр-мулоҳазаларини Абулқосим Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Жалолиддин Румий ва бошқа мутафаккирлар асарларидан иқтибос келтирган ҳолда асослаган.
Асардаги тарихий қиссалар қамрови давр жиҳатидан жуда катта бўлиб, уларда қадимги юнон донишмандлари, эрон, турк ҳукмдорлари, араб халифалари ва бошқаларнинг ибратли сўзлари ва ишлари тўғрисида ҳикоя қилинади.
Шу билан бир қаторда, мазкур асарда келтирилган айрим лавҳалар бошқа асарларда, хусусан бой ва камбағал қўшни воқеаси Саййид Қосимий достонида, ҳаё тўғрисидаги «Ануширвон ва малика» қиссаси Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ал-аброр» достонида учрайди. Бироқ Кошифий бу воқеаларни ўз асарида айнан қайтармасдан, янгича талқинда, содда ва халқчил тильда баён қилгани эътиборга сазовордир.
«Ахлоқи Муҳсиний» китоби Шарқда жуда машҳур асарлардан бири ҳисобланган. Ҳиндистоннинг Канпур, Бомбай ва бошқа шаҳарларида кўп марта тошбосма усулда чоп қилинган. Унинг ХВИ–ХХ асрларда Шарқнинг турли шаҳарларида яратилган 50 дан зиёд ноёб қўлёзмалари ҳозирда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази хазинасида сақланмоқда.
Истиқлол шарофати туфайли халқимизнинг маданий ва маънавий меросини ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани боис, аждодларимизнинг боймаънавий меросини тиклаш, ноёб ва нодир асарлар қўлёзмаларини ўрганиш ва нашр этиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, «Ахлоқи Муҳсиний» 1858 йили Муҳаммад Ризо Огаҳий томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, тошбосма усулда босилган. Мазкур тошбосма нашр матнини Маҳмуд Ҳасанов ва Асадали Ҳакимжонов аввал кирилл алифбосига табдил қилганлар. 2010 йилда «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари нститути билан ҳамкорликда асарнинг янги нашри чоп этилди. Бунда М. Ҳасанов асар муқаддимасини янгидан таржима қилди ҳамда аввалги таржима табдили матнини бугунги китобхон тушуниши учун қайта ишлаб чиқди. Ўзбекча таржимадаги тушуниш қийин бўлган баъзи сўзларга изоҳ берилган. Шунингдек, асар ичидаги шеърлар, ўз даври бадииятини сақлаб қолиш мақсадида, таржима қилинмай берилиб, айрим ҳоллардагина мазмуни келтирилган.
Кошифий «Ахлоқи Муҳсиний» асарида Хуросон ва Мовароуннаҳрда маҳаллий анъаналарни ўзига сингдирган, турли дин ҳамда миллат вакилларига нисбатан бағрикенглик билан ёндашган. Шу жиҳатдан асар комил инсоннинг энг юксак ахлоқ-одоби тараннум этилган нодир манба ҳисобланади. Ота-боболаримиздан бизга мерос қолган диний қадриятлар ўз баҳосини олаётган жамиятимизда Кошифийнинг асарлари ўсиб келаётган баркамол авлодни тарбиялаш, мустаҳкам оила барпо этишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Аҳмадхон Алимов

Имом мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ҳодими

ФИЛИМЛАР
Улуғ аллома, шоир, донишманд Ҳусайн Воиз Кошифий
АУДИОЛАВҲАЛАР

Улуғ аллома, шоир, донишманд Ҳусайн Воиз Кошифий

ФОТОГАЛАРEЯ
ЭЛЕКТРОН КИТОБЛАР НУСХАСИ
Ҳусайн Воиз Кошифий. Ахлоқи муҳсиний