МАҚОЛАЛАР
Ўзбекистондаги мега лойиҳанинг 6-капсуласи сирлари

       4000 га яқин ҳадис, 1600 дан ортиқ ривоят ва ноёб қўлёзмалари жамланган экспозиция сизни бефарқ қолдирмайди.

Ўзбекистондаги мега лойиҳаПрезидент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази музейиБиринчи Ренессанс даврибўлимининг ислом цивилизацияси меросини ёритувчи экспозицияларида 6-капсулада буюк муҳаддис, ислом илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий ҳамда у билан замондош ёки боғлиқ бўлган алломалар мероси жамланган.

Ислом цивилизацияси тарихида ҳадис илмини тизимли шаклга солган буюк алломалар орасида Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий номи жаҳон илмий тафаккури тарихида ҳам ҳурмат билан тилга олинади. Имом Термизийга бағишланган мазкур экспозиция бўлими орқали IX асрдаги илм-маърифат муҳити, ҳадис мактабининг тараққиёти ва ўша давр исломий маданияти яхлит ҳолда намоён бўлади.

Бу ерда жамланган қўлёзма асарлар, амалий санъат буюмлари ва меъморий ёдгорликка оид маълумотлар Имом Термизий ва унинг атрофида шаклланган илмий анъананинг кенг қамровини очиб беради.

                                                                                                        

Ҳадис илмининг етук намунаси

Экспозициянинг марказий ўрнида Имом Термизийнинг энг машҳур асари — “Сунани Термизийтуради. 926/1520 йилда кўчирилган ушбу нусха араб тилида, насх хатда, шарқ қоғозига ёзилган. Бу асар ислом оламида эътироф этилган олти ишончли ҳадис тўпламидан бири бўлиб, 4000 га яқин ҳадисни ўз ичига олади.

Сунани Термизийнинг илмий аҳамияти шундаки, унда ҳадислар фақат ривоят сифатида келтирилмай, балки уларнинг ишонч даражаси, ровийлар силсиласи, фиқҳий ва маънавий мазмуни ҳам атрофлича таҳлил қилинади. Манбаларга кўра, асарда ҳадислар ўн тўртга яқин илм соҳаси ёрдамида текширилган. Бу эса Имом Термизийнинг нафақат муҳаддис, балки кенг қамровли олим бўлганини кўрсатади.

                                                                                                                 

Пайғамбар ҳақидаги энг қадимий манба

Имам Термизий меросида алоҳида ўрин тутадиган асарлардан яна бири — “аш-Шамоил ал-муҳаммадийядир. Бу китоб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ташқи қиёфаси, одоб-ахлоқи, хулқи ва инсоний фазилатларини баён этишга бағишланган.

400 дан ортиқ ҳадисни ўз ичига олган ушбу асар ўз йўналишида бизгача етиб келган энг қадимий ва ишончли манба ҳисобланади. Асрлар давомида у турли тилларга таржима қилинган, кўплаб шарҳларга асос бўлган ва комил инсон ғоясини илмий жиҳатдан асослаб берган муҳим манба сифатида эътироф этилган.

                                                                                                           

Ҳаким Термизий ва тафсир мактабининг илк намояндaси

Экспозицияда яна бир йирик намояндa — Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий мероси ҳам кенг ёритилган. Унинг “Фотиҳа” ва “Бақара” сураларининг айрим оятларига бағишланган тафсири Мовароуннаҳр ҳудудида яратилган илк ёзма тафсир асарларидан бири сифатида алоҳида қимматга эга.

Асарда Қуръони карим оятлари ҳам ақлий, ҳам нақлий усуллар асосида талқин қилиниб, уларнинг маънавий ва амалий жиҳатлари очиб берилган. Асар тўлиқ якунланмаган бўлса-да, унинг илмий салоҳияти жаҳон миқёсида юқори баҳоланган. Мазкур қўлёзма асосида кейинчалик “Баҳрут-тафсир” номи билан нашр амалга оширилгани бу меросга бўлган қизиқиш ҳамон давом этаётганидан далолат беради.

                                                                                                                                                               

Ҳадис маънавиятига очилган йўл

Ҳаким Термизий қаламига мансуб яна бир машҳур асар — “Наводир ал-усул фий маърифати аҳодис ар-расул” ҳадисларни чуқур маънавий-маърифий жиҳатдан талқин қилувчи йирик манба ҳисобланади. 1600 дан ортиқ ривоятни ўз ичига олган ушбу асар ҳадис илмининг ташқи шакли билан чекланмай, унинг ботиний мазмунини англашга қаратилгани билан ажралиб туради.

Асарнинг таъсири шу қадар кучлики, тасаввуф тарихида Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари: “Бизнинг йўлимиз “Наводир”дандир”, дея таъкидлагани манбаларда қайд этилган.

                                                                                                                 

Ўрта аср амалий санъати: эътиқод ва эстетика уйғунлиги

Илмий мерос билан бирга, бўлимда XII–XIII асрларга мансуб амалий санъат намуналари ҳам намойиш этилган. Хуросон ва Хоразмшоҳлар даврига оид бронза товоқ, каллиграфик ёзувли патнис ва мисдан ишланган сув идишлари ўша давр исломий маданиятида санъат ва эътиқод ўзаро уйғун бўлганини кўрсатади.

Бу буюмлардаги куфий хатларда битилган дуо, калима ва эзгу тилаклар нафақат безак вазифасини бажарган, балки инсонни маънавий покликка чорловчи рамзий маънога ҳам эга бўлган.

Имом Термизий мақбараси — илмий меросга эҳтиром рамзи

Экспозицияда Имом Термизий мақбараси ҳақидаги маълумотлар ҳам ўрин олган. X–XI асрларга мансуб ушбу меъморий ёдгорлик Сурхондарё вилояти Шеробод тумани ҳудудида жойлашган. Асрлар давомида бир неча бор таъмирланган мақбара Мирзо Улуғбек даврида ҳам алоҳида эътиборга сазовор бўлган.

Мустақиллик йилларида амалга оширилган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари натижасида бу маскан бугунги кунда йирик маънавий зиёратгоҳ ва илмий хотира жойига айланган.

Имом Термизийга бағишланган мазкур бўлим ҳадис илми, тафсир анъаналари, тасаввуфий тафаккур ва ўрта аср диний маданиятини бир маконда мужассам этган. Бу ерда намойиш этилган ҳар бир манба ва ашё буюк алломалар меросининг жаҳон цивилизацияси тараққиётида тутган ўрнини янада теран англашга хизмат қилади.