Маълумки, бугунги кунда Соҳибқирон Амир Темурга нисбат бериладиган қуроллар, хусусан кескир қиличларнинг бир қанча нусхалари дунёнинг турли музейлари, хусусий коллекцияларига сақланмоқда. Аммо уларнинг қай бири чиндан ҳам Амир Темурга тегишли, бу қиличлар қай тариқа ушбу музейларга бориб қолгани ҳақидаги маълумотлар алоҳида тадқиқотларга эҳтиёж сезади.
Нақл этилишича, Соҳибқироннинг падари бузруквори Амир Тарағай бир куни туш кўради. Тушида нуроний бир зот унга қилич ҳадя қилади. Амир қилични қўлига олиб ҳавода ўйнатганида, қиличдан таралган нурдан олам ёришиб кетади. Амир Тарағай тушини пири Амир Кулолга айтганида, ундан бир ўғил туғилажаги, у дунёни фатҳ этажагини башорат қилади.
Соҳибқирон ёшлигидан қилич кучи устувор бўлган муҳитда ўсиб-улғайган. Амир Темур қилич ўйнатиш маҳорати туфайли ҳаётидаги жуда қалтис вазиятлардан соғ-омон чиқишга муваффақ бўлган. 1362 йили Амир Темур Моҳон ҳокими Алибек Жониқурбоний навкарлари томонидан тутқунликка маҳкум этилади. Ўшанда бўлажак жаҳонгир 26 ёшда эди.
“Темур тузуклари”да кейинги воқеалар шундай ҳикоя қилинади:
“Ундан қутулиш чорасини излаб, ўз-ўзим билан кенгашдим ва Тангрининг инояти етиб, баҳодирлигим тутди. Кучли ва чаққон билакларим иш бериб, соқчилардан бирининг қўлидан қиличини тортиб олдим-да, уларга ҳамла қилган эдим, бариси қочиб қолди”.
Соҳибқирон ҳаётида унинг ўзи бевосита душманга юзма-юз келиб, баҳодирона жанг қилган дамлар ҳам кўп бўлган. Ана шундай жангларда Соҳибқирон ўз қиличини нақадар шараф ва номус билан тутганлиги ҳақида жуда кўп мисоллар бор. 1393 йил майида Шероз яқинида кечган жанг ҳақида француз тарихчиси Люсьен Кэрэн шундай ёзади:
“Тўс-тўполон орасида асосий қўшиндан ажралиб қолган Темур ва унинг хос мулозимларини кўрган Шоҳ Мансур ўзига содиқ аскарлари билан улар устига отилди.Шоҳ Мансур кўз очиб-юмгунча Амир Темур қаршисида пайдо бўлди. Уни кўрган Темур қўриқчисидан найзасини олмоқчи бўлиб ўгирилди, бироқ ёнида ҳеч ким йўқ эди. Фурсатдан фойдаланиб, Шоҳ Мансур шамшири билан унинг бошига икки зарба туширди. Дубулғанинг мустаҳкамлиги ва, айниқса, иккала сафар ҳам дубулғасининг силлиқ томонини тутиб берган Темурнинг чаққонлиги туфайли шамшир сирғалиб кетди. Бироқ Шоҳ Мансурнинг ажали етган эди... ”
1395 йилда Улуғ Амир Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхонга қарши учинчи бор лашкар тортишга мажбур бўлади. Шу йилнинг 15 апрелида Терек дарёси соҳилида кечган жанг асносида душманнинг сараланган гуруҳи Мовароуннаҳр лашкарларини талвасага солиш учун Амир Темурни ўлдирмоқчи бўладилар. Шу мақсадда улар Соҳибқиронни қўриқчиларидан анча узоққа чалғитиб, тезда бир неча аскари билан қуршаб оладилар. Cолномачининг ёзишича, “камонининг ўқлари тугаган, найзаси синган” Амир Темур “шамширини тинмай ишлатиб” оддий навкар каби мардона жанг қилган.
Хўш, Амир Темурнинг жангларига ҳамроҳ ва гувоҳ бўлган қилич ёхуд қиличларнинг кейинги тақдири қандай кечган?
Маълумки, 1405 йил, 18 феврал куни Ўтрор ҳокими Бердибекнинг саройида Амир Темур фоний ҳаёт билан видолашади. Хитой устига юриш режаси унинг вафоти туфайли бекор қилинади ва Амир Темур жасади Самарқандга олиб кетилади. Амир Темурга тегишли бўлган шахсий ашёлар маълумотларга кўра узоқ вақт Самарқанддаги Соҳибқирон мақбарасида сақланган. Амир Темур хазинаси, хусусан унинг шахсий қурол-аслаҳалари кимга ўтгани, қаерга кетгани аниқмас. Аммо, айни пайтда Эроннинг бир қатор музейларида Амир темурга тегишли деб билинган бир қанча қиличлар сақланиши маълум.
Манбаларга кўра, 1740 йили Эрон шоҳи Нодиршоҳнинг қўшини Самарқандни босиб олганида қўлга киритилган ўлжалар қаторида Амир Темурнинг қиличи, совути, жомеъ масжиди дарвозаси ва ҳатто қабрига ўрнатилган тошни ҳам Машҳадга олиб кетишган. Кўп ўтмай қабр тоши ўз жойига қайтарилган, аммо дарвоза, совут ва қилич ҳақида маълумотлар жуда кам. Қилич ҳақидаги охирги маълумот ўтган асрнинг бошларига тегишли. Инглиз олими Жексон 1903 йилда Амир Темур қиличини Теҳрондаги сарой музейида кўрганлигини ёзиб қолдирган.
Амир Темурнинг қиличи ҳақидаги турли афсоналар ўз давридаёқ етти иқлимга ёйилиб улгурганди. Темурийлар ва ундан кейинги даврда ҳукмронлик қилган тождорлар албатта куч-қудрат тимсоли сифатида Соҳибқирон шамширини қўлга киритишга ҳаракат қилишган. Бундан ташқари Ғарб давлатларида ҳам бу шамширга қизиқиш жуда катта бўлган.
Жумладан Франциянинг буюк императори Наполеон ҳам Шарққа, хусусан Амир Темурга катта ҳурмат билан қараган. Унинг сирли шамшири ҳақидаги маълумотлар Наполеоннинг ҳам қулоғига етиб келган ва бу нодир осори атиқага эга бўлиш орзуси унга ҳам тинчлик бермаган. Чунки, Европа ҳукмдорлари ўзлари аввал яшаб ўтган салтанат соҳибларининг қуролларини тўплашга чандон ишқибоз эдилар. Қолаверса, Амир Темур номи Шарқда қанчалик катта мавқега эга бўлган бўлса, ғарбда ҳам унинг куч-қудрати қиролларга тинчлик бермаганди.
Айрим маълумотларга кўра, Қожорлар давлати ҳукмдори Фатҳалишоҳ элчиси Асқархон Афшор Урмавий 1808 йил 4 сентябрда Наполеон Бонапарт билан учрашган ва унга гўёки Амир Темур қиличини совға қилган. Наполеон, Европа маданиятининг вакили сифатида, тарихий ёки хаёлий ҳукмдорларга тегишли қиличлар ҳақида етарлича маълумотга эга эди. Мисрга юришидан сўнг императорнинг сирли Шарққа ошуфталиги янада ортганди. Бонапартнинг бу иштиёқи ҳақида билган хорижий элчилар кўпинча унга Шарққа тегишли тарихий ёдгорликларни совға сифатида олиб келишарди. Аммо Дамашқ пўлатидан ясалган, бебаҳо олмослар билан қопланган афсонавий Амир Темур қиличини қўлга киритиш узоқ вақт давомида Наполеон учун ушалмас орзу бўлиб келарди. Франция императори афсонавий шамшир уни енгилмас куч бағишлашига умид қилган, бундан ташқари, Бонапарт Осиёнинг бир қатор мамлакатларини босиб олишни режалаштирганди. У албатта, Амир Темур қиличин қўлга киритиш орқали келажакда рақибларини руҳий тушкунликка туширишига ишонарди. Ахир, Шарқда бу қуролнинг эгаси мағлуб бўлмайди, деб ишонишган.
Қолаверса, Наполеон ўзининг ҳарбий шон-шуҳратини Ҳиндистонни забт этиш билан янада юксалтириш орзусида эди. Зотан Амир Темур 1398-1399 йилларда Деҳли султонлиги қўшинини мағлубиятга учратиб, Ганг дарёси бўйларигача етиб борганини Наполеон яхши биларди. Аммо бундай улуғвор режани амалга ошириш учун Бонапарт Эрон раҳбариятининг ҳам ҳарбий, ҳам дипломатик ёрдамига муҳтож эди.
Шу боис 1807 йилда француз императори Теҳронга нафақат ҳарбий хизматчилар, балки олимлар ҳам таъсирчан кучга эга элчиларни ҳам юборган. Шарққа йўналтирилган бу миссияни бригада генерали Клод Мате де Гардан бошқарган. Бу ҳақда Шарқий Бонапартистлар қўмитаси асосчиси, этнопсихолог ва сиёсатшунос Кирилл Серебреницкийнинг 2018 йилда чоп этилган “Наполеонологик эслатмалар. Наполеон ва Амир Темур қиличлари” асарида ёзилишича, французлар Эронда сақланаётган Амир Темур қиличининг императорга совға қилинишини хурсандчилик билан қабул қиладилар.
1808 йил 24 январда Парижда чоп этиладиган Journal d”Empire газетасининг Истанбулдаги мухбири шундай ёзганди: "Форс шоҳининг Франция императори ҳузуридаги фавқулодда элчиси Аскархон тез орада Парижга йўл олади ва ўзи билан император учун ажойиб совғаларни олиб бормоқда!”
Асқархон Афшар Урмавий бир неча ойдан кейин Францияга етиб келди. Форс элчиси Наполеон томонидан 1808 йил 4 сентябрда Париж яқинидаги Сен-Клу қасрида тантанали қабул қилинди. Муҳташам совғалар орасида иккита афсонавий қуролнинг биринчиси - элчининг сўзларига кўра, бир вақтлар Амир Темурга тегишли бўлган шамшир, иккинчиси - Эрон шоҳи Нодиршоҳ Афшорнинг қиличи эди. Маълумки, Нодиршоҳ ҳам Амир Темур сингари Ҳиндистонда муваффақиятли ҳарбий юриш қилиб, 1739 йилда Деҳлини эгаллаган.
Наполеон Амир Темур бу қиличларни қўлга киритган лаҳзани тарихга муҳрлашни ният қилган, у Европа жамоатчилиги кўз ўнгида бўлажак Осиё фотиҳи сифатида гавдаланишини истаган. Император Бастилия майдонига филнинг улкан ҳайкалини ўрнатишни режалаштирган, унинг орқа томонида эса Бонапартга Жаҳонгшрини қиличиғини топшираётган элчининг ҳайкали бўлиши керак эди. Аммо негадир бу режа амалга ошмай қолади.
Аслида, эронликлар буюк француз ҳукмдорини усталик билан чув туширишганди. Асқархон Афшар Урмавий темурийлар даврига хос услубда ясалган ва қимматли тошлар билан безатилган сохта қиличларни олиб келган, аслида бу қиличлар Доғистоннинг Амузги қишлоғи ҳунармандлари томонидан ясалган эди.
Атоқли шоир Расул Ҳамзатовнинг «Амузгиликлар» шеърида қуйидаги мисралар учрайди:
“... Элчи Наполеонга қиларкан тортиқ,
“Бу Фотиҳ Темурнинг шамшири”, деди,
Давр ўтиб, бу сир ҳам очилди, ортиқ,
Бу оддий Амузги қиличи эди...,
Ҳозир бу тоғли қишлоқ ҳувиллаб қолган ва табиийки унинг қиличсозлик бобидаги шуҳрати ҳам аллақачон сўнган.
Наполеон кейинчалик форслар уни осонгина алдашганини тушуниб етганми-йўқми, номаълум. Умрининг охирида Бонапарт билан тез-тез учрашиб турган граф Эммануэл де Лас Кейс ўзининг "Авлиё Елена хотиралари" китобида бу ҳақда эслаб ўтган. 1818 йил 13 ноябрда тахтдан ағдарилган император афсус билан шундай деган: “Мен Буюк Фридрихнинг қиличини қўлга киритдим. Испанлар менга Френсис Биринчининг қиличини жўнатишди. Турклар ва форслар менга Чингизхон, Амир Темур ва Нодиршоҳга тегишли деб даъво қилинган қиличларни юборишди. Лекин мен ўз куч-қудратим, имкониятларимдан кўра, мана шу ҳадяларга кўпроқ ишониб қолган эканман...”
Шарқ ҳукмдорлари ҳам Амир Темур қиличининг эгаси енгилмас қўмондон бўлиши мумкинлигига шубҳасиз ишонганлар. Улар ҳеч кимга, ҳатто Наполеон Бонапартга бундай нодир қуролни осонгина совға қилиб юбора олишмасди.
Яна бир маълумотга кўра, граф Иван Паскевич бошчилигидаги рус қўшинлари афсонавий шамширни 1827 йил 1 октябрда (янги ҳисоб бўйича 14 октябрь) Эриван қалъаси (Ереван) эгаллаб олингандан кейин қўлга киритадилар. Тарих фанлари доктори Андрей Ивановнинг ёзишича, Амир Темурга тегишли деб ишонилган бу қилич қалъанинг Форс гарнизонини бошқарган Ҳасанхондан тортиб олинган. Тарихий ёдгорлик эгаси ҳеч бир қўшин унинг қўшинини мағлуб эта олмаслигига шубҳа қилмаган. Аммо у мағлуб бўлади. Ҳасанхонни шахсан қўлга олган генерал Афанасий Красовский ундан афсонавий қилични олиб, император Николай Биринчига юборади. Ҳадяга илова қилинган мактубда шундай дейилган: “Император ҳазратлари пойига мен Эриванда ўлжа қилиб олинган Буюк Темур қиличини қўймоқдаман. Эрон шоҳлари хазинасини безаб турган бу қилич подшоҳ аълоҳазратларига муносиб туҳфа бўлишига умид қиламан!”
Бу нодир артефактнинг ҳам кейинги тақдири номаълумлигича қолмоқда. Баъзи маълумотларга кўра, бу қилич фуқаролар урушигача Гатчина саройида сақланган, кейин изсиз ғойиб бўлган.
Маълумки, 1941 йил июнь ойида Самарқандда Гўри амир мақбарасида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади. Бир гуруҳ совет олимлари Амир Темур ва унинг авлодлари қабрини очдилар. Қазишмалар давом этаётган пайтда Тошкентда бўлган маршал Семён Будённийга Ўзбекистон раҳбарияти томонидан қимматбаҳо қилич совға қилинган. В.Скляренко, В. Сядро, И. Рудичева ҳамда В. Манжос муаллифидаги "Буюк фотиҳлар" китобида бу қилич саркарда қабридан топилгани ҳақида сўз боради.
Бу совға табиийки Будённийга жуда ёқади. Беш асрдан ошганига қарамай, қилич янгидек кўринарди. Маршалнинг хотираларидан маълум бўлишича, у у қилични ҳамиша ўзи билан олиб юрган. Бу афсонавий қилич унга куч, тетиклик ва яхши кайфият бахш этиб турган. Ҳатто бир гал қилич Будённийни ўлимдан асраб қолган. 1942 йил декабрда айрим мухолифлар Будённийнинг дачасига бостириб киришади. Шу куни шахсий қўриқчилар ҳам йўқлигидан фойдаланган босқинчилар саркадани жисмонан йўқ қилишни мақсад қилишган. Аммо, Будённий ўша сирли шамширии қўлга олиб, босқинчиларни тинчитади.
Семён Михайловичнинг ўлимидан сўнг, унинг қиличи Марказий инқилоб музейига топширилган. Бу қилич чиндан ҳам Амир Темур қабридан топилгани ҳақида ишончли маълумотлар йўқ. Қолаверса, ўша қилич ҳали ҳам ўша музейдами, бошқа жойга кетиб қолганми, ҳеч ким билмайди. Аммо, шуниси аниқки, буюк соҳибқиронга тегишли қилич асрлар давомида кимларнинг қўлида бўлгани ва ҳозирги кунда ҳам қаердадир сақланаётгани аниқ.