Салтанатлар тарихида катта довруғ ва эътиборга эга бўлган, ўз юрти ва халқининг шаънини юксалтирган оқила, жасур аёллар кўп ўтган. Шу билан бирга ўзининг кибри, манманлиги, жоҳиллиги сабаб миллат ва давлат бошига мислсиз кулфатлар ёғдирган ожизалар ҳам йўқ эмас.
Салжуқийлар салтанатининг бош вазири Низомулмулк (1018-1092) «қачонки подшоҳлик иши аёллар ва гўдаклар қўлига ўтса, билгинки, подшоҳлик ўша хонадонни тарк этади», деганда ана шундай аёлларни назарда тутганди. Туркий салтанатлар тарихида бу каби аёллар рўйхати тузилганда, Хоразмшоҳлар давлатининг маликаси Туркон Хотун номи унда албатта зикр этилган бўларди.
Туркон хотун Боёвут тоифасидан бўлган қипчоқлар хони Жонкиши (айрим маълумотларга кўра Қодирхон)нинг қизи бўлиб, 1150 йилда туғилган. Хоразмшохлар сулоласининг атоқли вакили Султон Текеш (1132-1200) қипчоқлар билан иттифоқ тузиб, уларни ўзига оғдириш ниятида 1169 йилда Туркон Хотунга уйланади. Туркон Хотун шу тариқа Хоразмга қипчоқ қавмига мансуб кўплаб амалдорларни олиб келади ва уларнинг қудратли ҳомийсига айланади.
1200 йил 3 августда Урганч аҳолиси, давлат аъёнлари ва амирлари иштирокида Хоразмшоҳлар давлати тахтига Текеш ва Туркон Хотуннинг ўғли - Алоуддин Муҳаммад ўтиради ва Хоразмшоҳ унвонини олади.
Насавийнинг ёзишича, саройда Туркон Хотуннинг мавқеи мустаҳкамлангандан сўнг «Худованди Жаҳон», яъни бутун дунё ҳукмдори лақабини олади. Унинг муҳрида «Исмат уд-дунё вад-дин Улуғ Туркон, малика нисо ал-оламийн» (Дунё ва дин поклиги, Улуғ Туркон, олам аёлларининг маликаси) деб битилган эди. У «Иътасамту биллаҳи» (Фақат Аллоҳдан ҳимоя кутаман) сўзларини ўзига шиор қилиб олганди.
Туркон Хотун ўғлига шу даража ўз таъсирини ўтказганки, натижада Муҳаммад Хоразмшоҳ мамлакат ичкарисидагина эмас, балки халқаро майдонда ҳам Хоразмнинг ягона ҳукмдори сифатидаги мавқеини йўқотганди. Бундан ташқари,қудратли саркардаларининг кўпчилиги қипчоқлардан бўлгани боис, ҳукмдор онасига ён беришга мажбур эди.
Хоразмшоҳ Муҳаммад 1216 йилда онаси Туркон Хотуннинг аралашуви билан шайх Нажмиддин Кубронинг шогирди Мажидиддин Бағдодийни қатл қилишга фармон беради. Бу эса, Хоразмшоҳдан уламоларнинг ихлосини қайтарган, уларнинг жиддий эътирозига сабабчи бўлган. Жумладан, Жалолиддин Румийнинг отаси Баҳовуддин Валад ҳам ана шу фожиа сабабли Урганчдан бош олиб, аввал Балхга, кейин эса Коняга кетган эди.
Хоразмшоҳлар давлатида мўғуллар босқини арафасида бир мамлакатда иккита пойтахт — Урганч ва Самарқанд, иккита ҳукмдор — Туркон Хотун ва Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад бор эди. Урганч Туркон Хотуннинг хос пойтахти ҳисобланган, унинг ўз саройи саройи ва хо мулозимлари, амиру умароси бўлган. Туркон хотун нафақат султон, балки молиявий ишлар, аркони давлат ва сарой амалдорлари устидан ҳам ҳукмронлик килган. Салтанат ишлари асосан Туркон Хотуннинг қариндошларидан Хумор Ағу — ҳожиб сипоҳсолор (лашкарбоши), Бука Паҳлавон, Али Марғиний сингари нуфузли аъёнлар қўлида эди.
Қипчоқлардан ташкил этилган олий мартабали саркардалар Туркон хотун билан тил бириктириб, ўз фойдалари учун мамлакатни талон-торож қила бошлаганлар. Салтанат ишлари деярли Туркон хотун томонидан бошқарилган. Кўп ҳолларда Хоразмшоҳ тарафидан эълон қилинган ҳукм ва фармойишлар Туркон хотун томонидан ҳеч қандай асоссиз, кенгашсиз бекор қилинар эди.
Хоразмшоҳлар даври тарихчиси ан-Насавий бундай ёзади: «Агар маликадан ва султондан бир иш ҳақида иккита кўрсатма келса, у ҳолда уларнинг санасига қарар эдилар ва барча мамлакатларда кейинги санага амал қилардилар...»
Она-ўғил рақобати давлатни ич-ичидан нуратмоқда эди. Мамлакат ичидаги парокандаликдан яхши хабардор бўлган мўғул хони Чингизхон 1219 йилда Хоразмшоҳлар ҳудудига қўшин тортади. Мўғуллар босқини арафасида Туркон Хотуннинг кўрсатмаси билан ҳар бир шаҳар ҳимояси маҳаллий раҳбарларга топширилади. Бу тарқоқлик мўғулларнинг узил-кесил ғалабасини таъминлайди. Салтанатнинг йирик шаҳар ва вилоятлари бирин кетин қўлдан бой берилиб, мўғуллар оёғи остида топталади.
Урганчни қамал қилган Чингизхон лашкарлари шоҳнинг онаси Туркон Хотундан таслим бўлишни талаб қилишган. Урганчдаги қўшин ва аҳоли етарлича мудофаа кучига эга бўлса-да, Хоразмшоҳ Ватанни ташлаб қочганидан сўнг, Туркон Хотун ҳам саросимага тушиб қолганди. Шу боис у ҳам шаҳарни ўз ҳолига ташлаб, шаҳар ташқарисидаги Илол қалъасига яширинади.
Манбаларга кўра, Туркон хотун 1220 йил Урганчни ер билан яксон қиладилар. Минглаб шаҳар мудофаачилари қатори етмиш беш ёшли шайх Нажмиддин Кубро ҳам душманга қарши мардонавор жангда шаҳид бўлади. Асирларни қиличдан ўтказиш учун мўғул аскарларига 24 кишидан тақсимлаб берадилар.
Илол қалъасини ҳам қўлга киритган мўғуллар Туркон хотунни хизматкорлари билан асир олиб, Толуқонда турган Чингизхон ҳузурига юборилади. Асирлар сафида бўлган вазир Малик Носируддин Ҳазораспий қаттиқ қийнокларга солинади ва султоннинг фарзандлари қатори қатл этилади.
Туркон Хотун ва унинг яқинлари билан Мўғулистон томон отланган Чингизхон бир неча кун Самарқандда тўхташга қарор қилади. Шу ерда Туркон хотун ва султоннинг омон қолган хотинларига хоразмшоҳлар салтанати учун аза очиб, мўғул аскарлари олдида баланд овоз билан йиғлашни буюради. Шундан сўнг Чингизхон кўрсатмасига биноан, Қорақурумга келтирилган Туркон хотун қашшоқликда умр кечиради ва шу ерда ғарибликда вафот этади.