МАҚОЛАЛАР
“Шоҳи Зинда” ёхуд Самарқандга келган саҳоба

Шоҳи Зинда, яъни «Тирик шоҳ» мақбаралар мажмуаси ўтмиш аждодларимиз тарихи ва тақдирида алоҳида ўрин тутади. Кўҳна Самарқанднинг жанубий қисмида жойлашган бу зиёратгоҳ тарихи пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг амакиваччалари Қусам ибн Аббос номи билан боғлиқ. Пайғамбаримининг айнан у киши тўғрисидаги ҳадислари мақбаранинг кириш эшиги пештоқида ёзилган: “Қусам ибн Аббос ўз хулқлари ва ташқи кўринишлари билан менга ўхшайдиган шахслардандир”.

Расулуллоҳ(с.а.в)ни кўрган сўнгги инсон

Қусам ибн Аббос (р.а.)нинг оталари Расулуллоҳнинг амакилари бўлган Аббос ибн Абдулмуталлибнинг (р.а)нинг ўғиллари эди. Оналари Лубоба ал-Кубро (Умму Фазл) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг аёллари Маймуна бинт Хорис (р.а.) билан опа-сингил бўлишган. Умму Фазлнинг олти ўғиллари бўлган: Фазл, Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ, Қусам, Маъруф ва Абдураҳмон. Уларни барчаси турли мамлакатларга Ислом тарғиботи учун йўл олишган ва шаҳид бўлишган.

Қусам ибн Аббос (р.а.) тахминан ҳижрий 4 (милодий 626) йили таваллуд топган. Ибн Можадан нақл этилган ривоятда айтилишича, ўша пайтларда Умму Фазл Расулуллоҳ (с.а.в.) га: «Ё Расулуллоҳ, тушимда оила аъзоларингиздан бири уйимдалигини кўрдим» деганида, ул зот «яхшиликни кўрибсан, Фотима фарзандли бўлади ва сен уни эмизасан» деб жавоб берадилар. Ўшанда Ҳасан ёки Ҳусайн (р.а.) дунёга келганлар. Умму Фазл Қусамга қўшиб улардан бирини эмизади. Умму Фазлниг айтишича, бир куни у Набий (с.а.в)нинг олдиларига кичкина Қусамни олиб боради ва ул зотнинг тиззаларига ўтқазади. Шунда гўдак у зотнинг тиззаларини ҳўллаб қўяди, онаси унинг орқасига секин уради. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): «Аллоҳ раҳм қилгур, боламга озор бердинг-ку», деган эканлар.

Баъзи ривоятларда Расулуллоҳ (с.а.в.) Қусам ҳақида: «Одамлар ичида Қусам менга хилқат ва хулқ жиҳатидан энг ўхшашидир», деганлар. Қусам ибн Аббос (р.а.) ҳар бир ишида Расулуллоҳ (с.а.в.) га ўхшашга ҳаракат қилар эдилар. Масжидга борадиган бўлсалар, сепиб олган атрининг ҳидидан одамлар унинг қайси йўлдан ўтганини билар эдилар.

Қусам ибн Аббос (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг энг ёш саҳобаларидан бўлган. Шунингдек, Расулуллоҳни энг охирги кўрган саҳоба ҳам айнан Қусам ибн Аббос эди. Зеро, Расулуллоҳ вафот этиб, қабрга қўйилганларида, қабр ичига тушганларнинг энг кичиги бўлгани ва қабрдан энг охири чиққани ривоятларда зикр қилинган. Шунда Қусам 8 ёшларда бўлган эканлар.

Макканинг ўн еттинчи амири

Қусам ибн Аббос Расулуллоҳ (с.а.в)нинг куёвлари Ҳазрати Али ибн Абу Толиб (р.а.)га содиқ ёрдамчи бўлган. Жамал, Сиффин ва Наҳравон жангларида иштирок этган.

Ҳазрати Али (р.а.) халифалик даврларида Қусам ибн Аббосни Макка амири этиб тайинлаганлар. У Макка фатҳ этилганидан кейинги 17-амир сифатида милодий 655–661 йилларда муқаддас шаҳарга раҳбарлик қилганлар. Бу вақтда у ўттиз-ўттиз беш ёшларда бўлган.

  Муовия ибн Абу Суфён замонида Қусам ибн Аббос (р.а.) Хуросон ҳокимлигига тайинланган. Кейин Исломни ёйиш мақсадида саркарда Саид ибн Усмон билан Мовароуннаҳрга келган. У  Самарқандни эгаллагач, шариат ҳукмларини юргизмоқ ниятида Қусам ибн Аббосни бир қанча аскар билан шу ерда қолдириб, ўзи ортга қайтган.

Табиийки, бир халқни бир диндан иккинчисига киритиш осон кечмайди. Ислом лашкарлари ҳам қаршиликларни енгиб бориб, ўлканинг ичкари қисмини ишғол қила бошлади. Маҳаллий аҳоли вакиллари ўз озодлиги, миллий ва диний қадриятларини сақлаб қолиш учун арабларга қарши бир неча бор бош кўтаришган. Нима қилганда ҳам улар бизнинг аждодларимиз, шу тупроқ озодлиги учун курашган инсонлар эди. Шу сабабли “Шоҳи зинда” ҳақида ривоятлар тилга олинганда, ул зотга қарши курашганларни “кофирлар”, “ғайридинлар” сифатида нафрат билан тилга олиш ҳам тўғри эмас, назаримда.

Хуллас, милодий 677 йил маҳаллий аҳоли вакиллари (суғдлар ва турклар) Самарқандда исён кўтариб, араб аскарларига ҳужум қиладилар. Тўқнашув пайтида Самарқанд намозгоҳида Қусам ибн Аббос (р.а.)га ўқ тегиб, ҳалок бўладилар. Ул зотни ҳозирги “Шоҳи зинда” мажмуаси ўрнидаги Бану Ножия қабристонида, Афросиёб тепаликдаги ғор ёнига дафн этишади.

 

Афсона ва ривоятлар

Кейинчалик, Туркистон мулкида ислом дини барқарор бўлгач, Қусам ибн Аббос номи турли афсоналарга йўғрилиб кетган.

Бир ривоятда айтилишича Саид ибн Усмон Қусам ибн Аббос билан биргаликда Уструшонани фатҳ этиш учун йўлга чиқишади ва Сийракасга етишганда бир неча кун тўхтаб дам олишади. Шу ердаги жангларнинг бирида Қусам ибн Аббос вафот этади. Майит солинган тобутни эса Самарқандга жўнатадилар.

Бошқа бир ривоятга кўра, Қусам ибн Аббос (р.а.) намоз ўқиётган пайтларида қўзғолончилар масжидга бостириб киришади. Худди шу аснода меҳробдан бир ёриқ очилиб йўл пайдо бўлади. Қусам ибн Аббос (р.а.) эса ушбу ёриққа кириб кўздан ғоиб бўладилар.

Абу Ҳафс ан-Насафийнинг “Қандия” асарида ёзилишича, худди мана шу зиёратгоҳ жойлашган тепаликда мусулмонлар ва ғайридинлар ўртасида шиддатли жанг бўлади. Қусам ибн Аббос душманлар қуршовида қоладилар.

Шу аснода ул зотнинг қаршиларида Хизр (а.с.) пайдо бўладилар: “Мен Яратганнинг изни билан келдим, Аллоҳ бутун Ернинг ихтиёрини сизга берди” дейдилар. Хуллас шу аснода ерда бир чоҳ пайдо бўлади. Хизрнинг ишорати билан Қусам ибн Аббос ана шу чоҳга кириб ғойиб бўладилар. Ғанимлар етакчиси аскарларига қарата ким қудуққа тушиб, Қусам ибн Аббосни олиб чиқса катта инъомлар беришини айтади. Шунда бир паҳлавон бу вазифасини ўз бўйнига олади.

Белига арқон боғлаб қудуққа тушган паҳлавон ҳали қудуқнинг тубига етмасдан “мени тортиб олинглар” дея фарёд қилади. Дарҳол уни чиқариб оладилар. “Нима кўрдинг?” деб сўрашса, “мен пастда жуда баҳайбат бир аждаҳони кўрдим, қайтиб бу ғорга тушмаганим бўлсин” дейди...

Афсоналарга кўра, Қусам ибн Аббос қиёматгача шу қудуқ ичида ибодат билан машҳур бўлар, фақат қиёмат куни яқинлашганча, Ер юзига чиқиб Самарқандга қирқ йил ҳукмдорлик қилар эмишлар. 

Бетакрор бунёдкорлик намунаси

Қорахонийлар даврида Қусам ибн Аббос қабри устида муҳташам мақбара бунёд этилган. Кейинчалик худди шу ерга 1066 йили Тамғач Буғрохон мадрасаси қурилган ва унга туташ бир қатор туркум мажмуа юзага келган. ХI-ХII асрларда серҳашам безатилган бошқа мақбаралар ҳам вужудга кела бошлаган.

Салжуқийлар ҳукмдори султони Санжар 1141 йилда қорахитойлар билан жанг қилиб, Самарқандни эгаллгач, мақбара яқинида Қусамия мадрасасини қуришга фармон беради. Аммо ушбу мадраса бугунги қадар етиб келмаган.

 1219 йил мўғуллар истилосидан кейин Афросиёбда ҳаёт сўнган. Дастлабки мақбаралар нураб аста-секин емирилган. Амир Темур ҳукмронлиги даврида унинг яқин қариндошлари ва саркардалари Қусам ибн Аббос (р.а.) мақбараси атрофида ўзлари учун мақбаралар қурдиришган. Қорахонийлар сулоласидан то манғитлар ҳукмронлигига қадар кечган сал кам минг давомида мазкур мажмуа тобора кенгайиб, борган. Мажмуадаги биноларнинг аксарияти подшоҳлар хонадонига мансуб шахсларнинг мақбараларидир.

XIII асрда мўғул истилочиларининг Самарқандга қилган ҳарбий юришлари ХI-ХII асрга оид кўплаб иншоотларнинг, бузилиб, харобага айланишига сабаб бўлди.

Қабристон XIV асрда қайтадан тиклана бошланди. Амир Темур ҳукмронлик қилган 1370-1405 йилларда қурилиш ишлари жадал суръатда олиб борилади. Бу иншоотларнинг кўпчилиги бизнинг давримизгача етиб келган. “Шоҳи Зинда” меъморчилик мажмуасига улкан ўймакор дарвозадан кирилади. Бу дарвоза Мирзо Улуғбекнинг иккинчи ўғли Абдулъазиз томонидан 1434-1435 йилларда бунёд этилган.

1372 йилда қурилган Шодимулк оғо мақбараси Шоҳи Зинда Амир Темур даврида қурилган биринчи иншоот ҳисобланади. Бинода 11 ёшида вафот этган Амир Темурнинг жияни Шодимулк оғо дафн этилган. Бу бинони Амир Темурнинг опаси Туркон оғо эрта вафот этган қизига атаб қурдиради. 1383 йилда ўзи ҳам шу ерга дафн этилган.

Мажмуадаги Амир Хусайн ва унинг онаси учун қурилган обида меъморчиликнинг энг нозик намуналаридан. Амир Темур уларга эҳтиром кўрсатиб, уларни шу ерга дафн эттирган. Мақбара 1376 йилда қурилган бўлиб, бир неча марта таъмир этилган.

“Шоҳи зинда”даги навбатдаги иншоотда  саркарда Амирзода ва унга тегишли аслзодалардан етти нафар киши дафн этилгандир. Унинг пештоқида фақат вафот этган сана - 786 (1386) йил ёзилган.

Шунингдек, мажмуа таркибига кирувчи Ширинбека оғо мақбараси соҳибқироннинг синглисига тегишли деб қаралади. Унинг равоғида марҳуманинг вафот йили – ҳижрий 787 (1385) йил кўрсатилган. 

Иншоотлар ичида меъморчиликнинг ўзига хос намунаси саналган содда безакли, саккиз ёқли мақбара мавжуд. Мақбаранинг тагида 4 та аслзода аёл кишининг сағанаси бор. Бинонинг бой безаклари бу ерда ҳам темурийларга тегишли шахслар ётганлигидан дарак беради.

Шунингдек, “Шоҳизинда” меъморий обидаси таркибига кирувчи Уста Али Насафий (XIV аср), Амир Бурундуқ  (XIV асрнинг 80 йиллари), Хожа Аҳмад (1360 йил), Қутлуғ Оқо (1360-1361 йиллар) мақбаралари, Туман оға мажмуаси (XIV аср) – умуман олганда мажмуадаги 43 иншоотнинг ҳар бирининг тарихи бир неча китоблар учун мавзу бўла олади.