МАҚОЛАЛАР
Навоийнинг Машҳаддаги "олтин айвони"

Эрон ва Яқин Шарқ ҳудудида Сафавийлар тарих саҳнасини тарк этиши билан ҳокимият тепасига яна бир туркий сулола Афшорлар (1736-1795) келади. Афшорлар  Кавказдан Ҳинд дарёсигача бўлган салкам 4 квадрат километр ҳудудни қўлга киритишган бўлиб Эрон Сосонийлар давридан буён бунча ҳудудга эга бўлмаган.

Сулоланинг асосчиси Нодиршоҳ Афшор (1688-1747) – Эрон Шоҳи 1736 йилда Сафавийлар давлатида юзасига келган парокандалик ва таназзулдан фойдаланиб, Собиробод шаҳридаги қурултойда ўзини шоҳ деб эълон қилади ва шу тариқа янги сулола ўз ҳукмронлигини бошлайди.

Тахтга чиққан Нодиршоҳ шиалик ўрнига суннийликни ҳукмрон ақида эканлигини расман эълон қилади. 1737 йили Афғонистонни эгаллайди. 1738 йилда Ҳиндистонга Бобурийлар устига қўшин тортиб, Деҳлини қўлга киритади ва шаҳарни вайрон қилади. 1739 йил май ойида Нодиршоҳ катта хазинани қўлга киритиб Эронга қайтди. Шундан сўнг Нодиршоҳ Бухоро ва Хивага ҳам қўшин тортади ва амалдаги аштархонийлар ва шайбонийлар ҳукмронлигига барҳам беради. Шундан сўнг бир неча йиллик таназзулдан сўнг Бухорода ҳокимиятни манғитлар, Хоразмда қўнғиротлар қўлга киритади.

1747 йил Нодиршоҳ ўз қўшинидаги форсларга қарши кескин сиёсат бошлаган чоғда, унинг ўзига қарши суиқасд уюштирилиб, саркардаларидан бири Солиҳбей томонидан ўлдирилди. Нодиршоҳ ўлимидан сўнг унинг қўл остидаги вилоятларнинг катта қисми парчаланиб кетди. Қандаҳорда афғон саркардаси Аҳмадшоҳ Дурроний ўзини мустақил ҳукмдор деб эълон қилди.

Афшарлар тарих саҳнасида 60 йилга яқин турган бўлсалар-да, қурилиш ва меъморчилик, адабиёт ва санъат ривожига эътибор қаратишган. Хусусан, темурийлар даври анъаналарига афшорлар, айниқса Нодиршоҳ ҳукмронлиги даврида етарлича амал қилинган.

Маълумки, Алишер Навоий ўз даврида Эрон ҳудудида, жумладан Машҳадда бир қатор қурилиш ва ободончилик ишларини амалга оширган. Айниқса, Имом Ризо мажмуаси ҳудудида янги иншоотлар барпо этган. Навоий кўрсатмасига биноан, Имом Ризо мақбарасининг қаршисида зиёратчилар учун алоҳида айвон қурдирилган. Аммо орадан вақт ўтиши билан мажмуа таркибидаги айвон, хонақоҳ ва мақбараларга жиддий шикаст етган. Айни пайтда Саҳни инқилоб деб номланган бу ҳудуддан турли даврларда қурилган тўртта айвон ва дарвозалар ўрин олган.

Нодиршоҳ 1734 йилда Алишер Навоий томонидан қурилган ушбу айвонни таъмирлатиб, унинг юзасини олтин қопламалар билан зийнатлайди. Шундан сўнг бу айвон халқ орасида “Айвони тиллои Нодирий” (“Нодирнинг олтин айвони”) деб ном олади.

А.Семёнов Россия давлат оммавий кутубхонасида сақланаётган Навоий қўлёзмаларини ўрганар экан, “Ҳайрат ул-аброр”нинг Бухорода кўчирилган бир нусхаси орасидан Абулфайзхоннинг (1711-1747) Эрон шоҳи Нодиршоҳ Афшор (1736-1747)га юборган мактуби топилганини ёзади.