МАҚОЛАЛАР
Ўн уч аср аввалги никоҳ шартномаси

Мамлакатимиз ҳудудида азал-азалдан оила муқаддас саналган. Эр-хотин ўртасидаги муносабатларни белгилашнинг ҳуқуқий механизми минг йиллар аввал шаклланган. Бунга қадимги Сўғдиёна ҳудудида топилган, VIII асрга мансуб никоҳ шартномаси ҳам мисол бўла олади. 

Мазкур ҳужжат 1932 йилда Самарқанд яқинидан топилган бўлиб, унда Уттекин исмли турк йигити ва Дуғдғунча исмли сўғд қизи ўртасидаги никоҳ муносабатлари акс этади. Мазкур ҳужжат кейинчалик машҳур шарқшунос олим Владимир Лившиц томонидан нашр қилинган. Айни пайтда мазкур ҳужжат Санкт-Петербургда Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида сақланмоқда. 

Мазкур шартнома икки бўлак трапециясимон терига битилган бўлиб, тахминларга кўра, 710 йил 25 март, сешанба куни битилган. Ҳужжатда қайд қилинишича, куёвнинг исми Уттекин, лақаби Нидон бўлган. У Навекат ҳукмдори Чер Вахзанак ўғлининг васийлигидаги Дуғдғунча Вийус қизини (лақаби Чата) хотинликка олган. Унда Уттакин Чатани севикли хотин сифатида ҳурмат қилиши, озиқ-овқат, кийим-кечак, тақинчоқлар билан таъминлаши, севиб ардорқлаши, Чата эса Уттакинни севикли эр сифатида ҳурмат ва эҳтиром билан асраши, эрининг бахт-саодати ҳақида қайғуриши, унинг буйруғига итоат қилиши лозимлиги қайд этилган. 

Ҳужжатда ёзилишича, агар келажакда Уттакин Дуғдғунча билан ажрашадиган бўлса, биргаликда яшаган вақтида олган шахсий нарсалари ва товон пулини бериб, ҳеч қандай шартларсиз жўнатиб юбориши, агар Дуғдғунча Уттакинга бундан буён хо¬тин бўлмаслик қарорига келса, унда хотинликдан чиқиб кетиши, бу ҳолда Уттакинга кийишга яроқли кийимлар қолдириши, Уттакиндан олган безак тақинчоқларни ва бошқа нарсаларни ташлаб кетиши, фақат биргаликдаги кечган турмуши давомида ортгирган мулкини олиб кетиши керак бўлади. 

Шунингдек, Дуғдғунча никоҳ бекор қилингач, бошқа ҳеч нарса учун жавобгар бўлмайди, у ўзи хоҳлаган кишига турмушга чиқиши мумкин. Ажримдан сўнг Уттакин ва Дуғдғунча бир-бирларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари учун жавоб бермайди. Никоҳни қайд қилиш ҳақидаги ҳужжат "Қонунлар уйи"да, унинг бошлиги ҳузурида учта эркакнинг гувоҳлигида котиб томонидан имзоланган.

Куёвнинг келин олдидаги мажбуриятлари ҳақидаги ҳужжатда куёв Уттакиннинг келин Чатанинг уруғ-аймоқлари олдидаги бурчлари ўз аксини топтан. Ҳужжатда кўрсатилишича, у тузилган кундан Чата тоабад Уттакинга хотин бўлиб келажакда, куёв келин томон олдида Чатани сотмаслик, қарз эвазига қулликка бермаслик, бирор кимсанинг ҳомийлигидаги ўз мулкига айланишига ҳам йўл қўймаслик; агар кимдир Чатани Уттакиндан бевосита ёки сиртдан тортиб олса, уни таҳқирласа, уни шу заҳотиёқ, ҳеч қандай зиён-заҳматсиз озод қилиш; агар Чата Уттакин билан қолишни хоҳламаса ёки Уттакин уни қўйиб юборса, бироқ келиннинг уруғ аймоқларига уни зиён-заҳматсиз етказиб бермаса, у ҳолда 100 дирҳам кумуш пул тўлаши белгиланган. Агар пулни вақтида тўламаса 10 дирҳамига 2 дирҳамдан устама тўлаш мажбуриятини олган. 

Бу ҳужжат бундан 13 аср олдин, ҳали ислом дини кириб келмасидан аввал ҳам Ўзбекистон худудида мулкий, оила-никоҳ муносабатларини тартибга солувчи мукаммал қонунлар бўлганидан, юксак ҳуқуқий маданият шаклланганидан далолат беради.