МАҚОЛАЛАР
“Усмонийлар даврида Навоийга тенг келадиган шоир бўлмаган”

Ҳа, бу фикрни айнан XIX асрда яшаган усмонли-турк зиёлилари айтишган.

Маълумки, олти асрдан кўпроқ жаҳонга довруғ солган Усмонийлар даврида туркий тил ва адабиёт юксак даражада тараққий этди. Бунда буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг муносиб ўрни бор. Чунки, усмоний ҳукмдорлар даврида Навоий асарлари қайта-қайта кўчирилган. Усмонли шоирлар Навоий ғазалларига юзлаб назиралар боғлашган. Усмонийлар даври туркчаси Навоий фойдаланган эски ўзбек тилидан сезиларли даражада фарқланса-да, шоирлар айнан улуғ мутафаккиримиз тили ва услубига яқин лаҳжада ижод қилишган.

1876 йилдан 1923 йилгача давом этган, Усмонийлар салтанатининг сўнгги босқичи, Машрутият, яъни конституцион монархия даври турк дунёсининг уйғониши, туркий шоирлар меросининг ўргаилишига янада кўпроқ туртки берди. Турк матбуотида миллий уйғониш ва туркчилик билан боғлиқ чиқишлар нисбатан кенг тус олди. Жумладан, шарқий туркий тил – эски ўзбек тили ва унда яратилган асарларни ўрганишга қизиқиш янада ортди. Чиғатой ва усмонли тилидаги сўзлар луғатлари яратила бошлади.

1882 йилда чоп этилган “Луғати чиғатойи ва туркийи усмоний” луғатининг муқаддамасида Шайх Сулаймон Афанди чиғатой туркчаси Алишер Навоий бошчилигидаги бир қанча шоир ва адиблар тили эканлиги, бу тилда турк адабиётининг кўплаб дурдоналари яратилгани, бу тил Туркистонда яшовчи ўзбек, туркман, қозоқ, муғул, қипчоқ, қирғиз, қалмоқ халқлари учун умумий адабий тил эканлигини қайд этади.

Машрутият даврининг кўзга кўринган зиёлиларидан яна бири, атоқли турк олими ва адиби Шамсиддин Сомий 1897 йилда “Таржимони ҳақиқат” ва “Сарвати фунун” газеталарининг қўшма сонида “Лисон ва адабиётимиз” мақоласида Алишер Навоийнинг туркий тиллар ривожидаги унутилмас ҳиссасини яна бир карра эслатиб ўтади:

"Мовароуннаҳрда Алишер Навоий зуҳур эдиб, чиғатойчанинг адабиётини мукамммалиятин авжи болосина исол этди. Чиғатойча ичун бугунги кунда дағи Алишер Навоийнинг тарз ва услубина тобе ўлмактан бошқа тариқ йўқтур. Бизда эса, ўйла муқтадои омм ўлажак буюк бир адиб ва шоир зуҳур этмади. Давлати Усмониянинг авойили таъсисинда ёзилан ашъор ва насрлари ўлдуқча сода, локин ўлдуқча-да қабадур. Ҳич биринда дузғун бир ибора ва олий бир фикра тасодиф ўлунмаюр.”

(Тил ва услуб сақлаб қолинди)

Яъни, “Мовароуннаҳрда Алишер Навоий зуҳур этиб, чиғатой адабиётининг камолини авж нуқтага етказди, Чиғатой тили ривожи учун бугунги кунда ҳам Алишер Навоийнинг усули ва услубига риоя қилишдан бошқа чора йўқ. Бизда таассуфки ана шундай сўз усталари учун етакчи бўла оладиган даражади бир даҳо шоир етишиб чиқмади. Усмонийлар давлати юзага келганидлан бери бу тилда яратилган шеърий ва насрий асарлар ниҳоятда содда ва ўта қўполлиги билан фарқланади. Уларнинг ҳеч бирида тўғри бир ибора ва аъло даражадаги фикрни учратиш имкони йўқ”, дейилади мақолада.

Она тилининг фидойи тарғиботчиларидан бири бўлган Шамсиддин Сомий ўз чиқишларидан бирида усмонли туркчасини ўзга тиллар таъсиридан тозалаш хусусида куюниб гапираркан, бу борада Алишер Навоий сингари буюк мутафаккирларнинг асарлари ва мактубларини мисол қилиб келтиради:

“Хусусан, Навоий сингари улуғ адибларнинг шарқий туркий тилда битилган асарларини мактабларимизда ўқитишимиз, улардан давлат сиёсати дарадасида кенг фойдаланишимиз бу борадаги мақсадларимиз рўёбига хизмат қилади”, - деб ёзади Шамсиддин Сомий.

Адиб чиғатой туркчасидаги эски туркий сўз ва ибораларни усмонли туркчасига олиб кириш орқали унинг адабий тил сифатидаги қудратини янада ошириш ва туркий халқлар орасида сиёсий бирликни таъминлаш мақсадида чиғатой туркчасида битилган асарларни мактабларда дарслик сифатида ўқитилиши зарур деб ҳисоблайди:

Афсуски, Шамсиддин Сомийнинг куюнчаклик билан илгари сурган ҳар икки орзуси ҳам амалга ошмади. Чунки, Усмонийлар давлати бу даврда тобора заифлашиб, Европадаги сиёсий можаролар, уруш ва низолар гирдобига чуқурроқ кириб борар, ҳукмдорлар ва амалдорлар ўзлари учун тил сиёсатидан ҳам муҳимроқ деб билган масалаларидан ортмас эдилар. Туркий халқлар орасидаги сиёсий бирлик ҳақида ҳам гап бўлиши мумкин эмасди. Чунки бу пайтда Туркистондаги ҳар учада давлат (Бухоро амирлиги, Хива ҳамда Қўқон хонликлари), шунингдек Кавказ, Волгабўйидаги туркий халқлар Чор Россияси асорати остига тушиб қолган эди.