Хоразм вилоятининг маркази бўлган Урганч шаҳри бугун Ўзбекистоннинг энг йирик шаҳарларидан бири саналади. Аммо бу шаҳар нисбатан янги экани, бир пайтлар Хоразмшоҳлар давлати, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди сингари аждодларимиз шаҳри, мўғуллар вайрон қилган тарихий Урганч аслида мамлакатимиздан ташқарида эканини ҳамма ҳам билавермайди.
Урганч топоними илк бора зардуштийларнинг муқаддас китоби “Авесто” да Урга шаклида тилга олинади. Энг қадимги даврларга оид яна бир манба – милодий 92 йилда воҳага келган Хитой элчиси Бан Гу хотираларида Урганчни ўз талаффузига мослаб, Юег –Янь дея ёзганди. Қуйи Амударё бўйидаги ушбу масканни қадимги туркий қавмлар Гурганж, араблар эса Журжон деб аташган.
Устюрт пасттекислиги ҳудудида ҳам бир пайтлар Урга деган шаҳарча мавжуд бўлган. Бу ерда бир пайтлар юзлаб инсонлар яшаган, ҳозирги кунда унинг фақат харобаларигина сақланиб қолган. Бу шаҳарнинг ҳам Урганчга қанчалик алоқаси борлиги ҳозирча маълум эмас.
Буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди, Шайх Нажмиддин Кубро сингари Хоразмнинг кўплаб буюк фарзандлари ҳам айнан шу қадимий шаҳарда вояга етишган. Урганч шаҳри 1221 йилда Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар босқини даврида батамом вайронага айланган. Шаҳар аҳолисининг катта қисми қириб ташланган. Тарихчи Жувайнийнинг маълумотига кўра, Урганч фатҳ этилгач, шаҳар аҳолисини қатл этиш учун ҳар бир мўғул аскарига 24 кишидан бўлиб берилган. Маълумотларга кўра, шаҳарда ўша пайтда 50 мингдан ортиқ мўғул аскарлари бўлган. Аммо, бу маълумотда анчагина муболаға борлиги сезилиб турибди.
Мўғуллар ҳукмронлиги даврида Урганч тез фурсатда ўзининг қадимий мавқеини тиклайди. Ўрта аср тарихчилари Урганчни жуда бой, гўзал ва бетакрор шаҳар сифатида таърифлашган. Хусусан, Ибн Баттута Олтин Ўрда хони Ўзбекхон даврида Урганчга келади ҳамда уни турк шаҳарлари орасида энг каттаси ва энг чиройлиси деб атайди. Ибн Баттутанинг ёзишича, бу ерда жуда кўп бозорлар, масжид ва мадрасалар, шифохоналар ишлаб турган.
1558 йилда воҳага келган инглиз савдогари Антони Женкинсон ўз кундаликларида Хоразмдаги ушбу шаҳарни Юргендш дея атаган. Хива хонлиги даврида ўлкага ташриф буюрган россиялик сайёҳ, элчи, олим, жосусларнинг битикларида эса шаҳар Ургенч сифатида қайд этилган. 1573 йилда жўшқин Амударёнинг ўзани Каспийга эмас, Орол томонга бурилиши натижасида Урганч сувсизлик сабаб абгор ҳолга кела бошлайди. 1646 йилга келиб Хива хони Абулғози (1603-664) Баҳодирхон хароба бўлаёзган Урганчни Амударёнинг янги ўзани бўйига, 150 километр узоқликдаги ҳозирги ўрнига кўчириб келтиради. Шаҳар номи ўчмасин дея аввалги шаҳарни Кўҳна Урганч, кейингисини эса Янги Урганч деб атай бошлашди. Вақт ўтиб, унинг номидаги “янги” сўзи халқ тилидан тушиб қолди. Кўҳна Урганч эса XIX аср охирларига келиб деярли кимсасиз, бўмбўш шаҳарга айланиб қолади. Кейинчалик шаҳар атрофига маҳаллий туркманлар келиб ўрнаша бошлаган.
Бугунги кунда Кўҳна Урганч Туркманистоннинг Дашоғуз вилояти ҳудудида қолиб кетган бўлиб, ушбу шаҳар Кўнеургенч туманининг маркази саналади. Айни пайтда шаҳарда Нажмиддин Кубро, Султон Муҳаммад Такаш, Тўрабек хоним, Фахриддин ар-Розий мақбаралари, Қутлуғ Темур минораси, Оққалъа харобалари сақланиб қолган. Шаҳарда 37 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Кўҳна Урганч ёдгорликлари 2005 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
Урганч номи билан боғлиқ бир қанча топонимлар юртимизда анчагина. Мазкур атама урганчликларнинг вақти-вақти билан у ёки бу ҳудудга кўчиб, ўрнашиб қолиши билан боғлиқ. Самарқанд шаҳрида Урганжи маҳалласи, Фарғона вилоятининг Дангара, Учкўприк, Бувайда, Самарқанд вилоятининг Қўшработ, Андижон вилоятининг Избоскан, Пахтаобод, Наманган вилоятининг Наманган, Жиззах вилоятининг Фориш, Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманларида Урганжи номли қишлоқлар бор.