Туркий халқлар оғзаки ижоди намуналари ҳақида сўз кетганда, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достони ҳақида сўзламасликнинг иложи йўқ. Таъкидлаш ўринлики, бу сюжетдаги достонлар ўзбек, турк, туркман, озарбожон, қрим-татар, гагауз, ҳатто арман, грузин халқларида ҳам учрайди. Бу ноёб эпос айнан қай гўшада яралгани ҳақидаги баҳслар ҳали ниҳоя топгани йўқ.
Достоннинг қисқача мазмуни
Достоннинг Хоразм талқинига кўра, унда Шоҳ Аббос ўз вазири Ҳасан билан овга чиқади. Ов пайтида подшоҳ бир кийикни кўриб қолади. Аммо кийикнинг бўғоз эканини пайқаб, унга ўқ отишдан ўзин тияди. Шу икки беихтиёр вазирга ҳам дуч келади. Вазир ҳам унинг бўғозлигини сезиб, жониворга раҳм қилади. Чунки, айни дамда шоҳнинг ҳам, вазирнинг ҳам аёллари ҳомиладор эдилар.
Тақдир тақозоси билан подшоҳнинг хотини қиз, вазирнинг аёли ўғил туғади. Ўғил болага Ғариб, қизалоққа Шоҳсанам деб ном берадилар. Аммо кутилмаганда ғарибнинг отаси бахтсиз ҳодиса сабаб дунёдан ўтади. Болалар бирга улғайиб кўнгил қўйишади. Аммо, подшоҳнинг аёли улдарнинг ўртасилдаги муҳаббатга тўсқинлик қилади. Ғариб билан учрашмаслиги учун ўз қизини мактабга ҳам юбормай қўяди. Бундан хабар топган Ғариб аразлаб, созини қўлтиқлаб, юртдан бош олиб чиқиб кетади. Шоҳ Аббос Ғарибнинг онаси ва синглисини ҳам қувғин қилади.
Ғариб кўп мамлакатларда бўлади. Соз чалиб, бахтсиз муҳаббат ҳақида қўшиқлар куйлаб, одамларнинг қалбига йўл топади. Етти йиллик ғурбат ўлкаларда сарсон-саргардон кезади.
Бу орада Шоҳсанам Ғарибни қидирб топишни канизагига ошиқ бўлган Бозиргондан илтимос қилади. Бозиргон Ҳалаб-Ширвонга келиб, Ғарибни топади ва уни Шоҳсанамнинг ҳолидан огоҳ этади. Саргардонликдан сўнг Ғариб яна ўз юртига қайтиб келади. Бу пайтда ўғлининг ғамида адо бўлган онаси йиғлай-йиғлай кўр бўлиб қолганди. Ғариб шаҳарга кириб келганида, отаси Шоҳсанамни Шоҳ Волидга узатаётган эди. Ғарибнинг боғда Шоҳсанам билан дийдорлашиб турганини эшитган шоҳ Аббос ғазабга минади ва ошиқ йигитни ўлимга маҳкум қилади. Ғарибни шаҳар ўртасида қурилган дор олдига келтиришади. Аммо, бу пайтда Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам орасидаги муҳаббат бутун юртга довруғ солган, халқ ҳам севишганларга хайрихоҳ эди.
Халқ исён кўтариб, шоҳдан Ғарибни кечиришни ва қизини унга никоҳлаб беришни сўрайди. Бу исён хайрли якун топмаслигини англаган шоҳ қизини Ғарибга никоҳлаб беради. Шу тариқа достон яхшилик билан якун топади.
Ошиқ Ғарибдан баҳра олиб
Маълумотларга кўра, машҳур рус адиби Михаил Юрьевич Лермонтов ҳам бу гўзал ишқ қиссасига мафтун бўлган. 1837 йилда Кавказга саёҳат қилган шоир маҳаллий бахшилардан “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достонининг қисқача мазмунин ёзиб олади. У мазкур сюжет асосида она тилида мустақил асар яратмоқчи бўлган. Аммо адибнинг 1841 йил 27 июнда, дуэлдаги ҳалокати бунга имкон бермади.
Кейинчалик шоирнинг адабий мероси тадқиқотчилари Лермонтовнинг қўлёзмалари орасидан достоннинг рус тилидаги қораламасини топиб олишади. У илк бор 1946 йилда “Кеча ва бугун” альманахида “Ошик Ғариб, турк эртаги” номи билан босилиб чиқади.
Бу асар бундан анча илгари, аниқроғи XVI асрда машҳур инглиз адиби Уильям Шекспирни ҳам илҳомлантиргани ҳақида тахминлар илгари сурилмоқда. Чунки, адибнинг “Ромео ва Жульетта” трагедиясида ушбу халқ достони билан ўхшаш жиҳатларни кўплаб учратиш мумкин. Масалан, Шекспир қаҳрамонлари ҳам Ғариб ва Шоҳсанам сингари аслзодалардан, ўз хонадонлариинг ёлғиз фарзандлари. Ромео ҳам худди Ғариб сингари айнан муҳаббат туфайли саргардонликни ихтиёр этади.
Жульетта ҳам, Шоҳсанам ўз севгилисига ета олмаслигини ўйлаб заҳар ичишга қарор қилади. Шекспир трагедиясида севишганларнинг яширин учрашувига қизнинг энагаси ёрдам берса, Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанамга Оқча каниз йўл очиб беради. Гарчи достоннинг ўзбек, турк, озарбайжон талқинларида севишганларнинг тақдири Шекспир трагедиясидаги сингари фожиа билан тугамаса-да, қримтатар версиясида севишганларнинг қисмати худди Шекспир ёзганидек фожиа билан тугайди.
Албатта, адабиётда сайёр сюжет назарияси мавжуд. Шоир ва адиблар халқ оғзаки ижодидан ҳамиша илҳом олиб келишган ва бунинг учун уларни ҳеч ким айбламайди. Шекспир ҳам “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достоиндан хабардор бўлганми ё йўқми, бир нарса дейиш мушкул. Аммо, мутахассислар Шарқдаги бу достон Шекспир туғилмасидан юз йиллар аввал ҳам мавжуд бўлгани ҳақида шаҳодат берадилар.
“Ошиқ Ғариб”нинг барҳаёт умри
Ушбу достон асрлар оша инсонларни покликка, эзгуликка, самимиятга ундаб келгани рост. Ўнлаб халқларнинг оғзаки ижодидан жой олган бу севги афсонаси ёзма адабиётга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Бу достон асосида ўзбек, туркман, озарбойжон ва бошқа халқларнинг таниқли шоирлари адабий асарлар битишди.
Бу достон асрлар давомида хонлар саройида ҳам, оддий халқнинг тўй-ҳашамлари, байрамларида ҳам мароқ билан ижро этилган ва тингланган. Маълумотларга кўра, достоннинг тўлиқ версиясини ижро этиш учун 18 соат вақт кетади.
Таниқли озарбойжон драматурги Зулфиқор Ҳожибеков томонидан ёзилган “Ошиқ Ғариб” операси 1916 йилда Боку театрида саҳналаштирилди. 1941 йилда Ленинграддаги Кичик театрда рус композитори Б. Асафьева “Ашик Кериб” балетини намойиш қилди. 1944 йилда туркманистонилк бастакорлар Дангатар Овезов ва Адриан Шапошников “Шоҳсанам ва Ғариб” операсини саҳналаштиришди. 1988 йилда “Грузия-фильм” студиясида “Ошиқ Ғариб” бадиий фильмит суратга олинган.