Адиб Аҳмад Югнакий туркий адабиётнинг таниқли вакилларидан бири ҳисобланади. Ундан бизгача “Ҳибатул-ҳақойиқ” номли панднома асар етиб келган. Олимлар ушбу асарнинг тил хусусиятларини ўрганиб, муаллифнинг XII аср иккинчи ярми XIII асрлар бошларида Самарқанд яқинидаги Югнак қишлоғида яшаб ўтган деган фикрни билдирадилар. Асарнинг илк нусхалари уйғур ёзувида битилган. Хусусан, 1444 йил Самарқандда Зайнулобидин бахши, 1480 йил Истанбулда Абдураззоқ бахши ва Туркиянинг Тўпқопи кутубхонасидаги номаълум котиб томонидан кўчирилган қўлёзмалар эътиборли нусхалар ҳисобланади.
Муаллифнинг таржимаи ҳоли ҳақидаги қисқача маълумотлар шу асарнинг ўзида, шунингдек, Алишер Навоийнинг “Насойимул-муҳаббат” асарида учрайди. Ҳазрат Навоий ёзадилар:
“Адиб Аҳмад ҳам турк элидан эмиш. Унинг ишлари ҳақида қизиқарли воқеалар ҳикоя қилинади. Айтишларича, кўзлари кўрмаса-да, бошқа кўрларга ўхшамас, кўзи очиқлардан ҳам фарқланар экан. Жуда зийрак, закий, тақводор, художўй киши экан. Гарчи зоҳирий кўзлари кўрмаса-да, Аллоҳ унинг кўнгил кўзини жуда ўткир яратган. Ловияни қўли билан ушлаб қўй буйрагига, нўхатни эса итолғу (лочинга ўхшаган йиртқич қуш) бошига ўхшатган экан. Бағдоддан бир неча йиғоч масофада тураркан. Тўрт йиғоч ҳам дейишади. Имом Аъзам дарсларига қатнаб, бирор масалани ўрганиб, кейин уйига яёв кетаркан. Дарсда эса, пойгакда ўтираркан.
Кунларнинг бирида Имомдан “қайси шогирдингизни кўпроқ яхши кўрасиз?” деб сўрашибди. Ҳолбуки, Имом Муҳаммад ва Абу Юсуф ҳам улар (Адиб Аҳмад) нинг замондоши ва сабоқдоши бўлишган. Имом Аъзам “ҳаммаси яхши, аммо ҳар доим битта масалани ўрганиш учун 4 йиғоч йўл босиб, ҳузуримга қатнайдиган, керагича таҳсил оладиган кўр турк ҳаммасидан афзал”.
Шундан сўнг ҳазрат Навоий Адиб Аҳмаднинг айрим байтларидан мисол келтирганлар:
Улуғлар не берса емасман дема,
Илик сўн, оғиз ур, емасанг ема!..
...Сўнгакка иликдур, эранга билик,
Биликсиз эран-ул сўнгаксиз илик.
Агар биз Навоийнинг фикрларига эътибор қаратсак, Аҳмад Югнакий Ҳанафия мазҳаби асосчиси имом Аъзам Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит (700-762) даврида яшаган ва унинг суюкли шогирдлари қаторида бўлган. Навоий Адиб Аҳмадни машҳур фақиҳ олим Абу Юсуф (738-798) ва Имом Муҳаммад Шайбоний (750-805) нинг тенгдоши деб кўрсатади. Демак, Аҳмад Югнакий милодий саккизинчи асрнинг биринчи ярми ёки ўрталарида туғилган бўлиб чиқади.
Аммо, жуда кўп адабиётшунос олимлар бу фикрга шубҳа билан қарашади. Негаки, VIII аср ўрталарида нафақат туркий, балки форсий шеъриятга ҳам аруз вазни кириб келмаганди. Шарқ адабиётшунослигида туркий аруз форс адабиёти таъсирида шаклланган, деган қараш ҳукмрон. Қолаверса, айни пайтгача VIII асрга мансуб умумтуркий ёзма ёдгорлик ҳисобланган Ўрхун-Энасой ёзма ёдгорликлари тили билан "Ҳибат-ул-ҳақойиқ” тили анча фарқланади. Наҳот, Навоий бу ўринда янглишган бўлсалар?
Бу масала Муҳаммаджон Имомназаров, Шамсиддин Камолиддин сингари олимлар томонларидан атрофлича ўрганилган. Уларнинг фикрича, Навоий бу масалада хато қилган бўлиши мумкин эмас. Туркий тилдаги ёзма адабиёт Имом Аъзам яшаган асрда ҳам мавжуд бўлган. Маҳмуд Кошғарийнинг девони “Девону луғотит-турк” асарида келтирилган шеърий парчалар туркий шеърият қанчалик қадимий эканини кўрсатади. Тил масаласига келадиган бўлса, “Ҳибатул-ҳақойиқ”нинг энг қадимий нусхаси ҳам XV асрга мансуб. Котиблар имкон даражасида қадимги асарларни замон ва макон нуқтаи назаридан ўз тилларига мослаб кўчирганлар. Рабғузийнинг “Қисасул-анбиё” асарининг XIX асрда кўчирилган нусхалари ҳам унинг эски қўлёзмаларидан тамомила фарқ қилади. Ёки Навоийнинг Оққўюнлилар даврида ўғуз лаҳжасига мослаб кўчирилган ғазаллари ҳам бу фикрни оқлайди. Демак, “Ҳибатул-ҳақойиқ”нинг илк нусхаси VIII асрда яратилган, унинг дастлабки тили бизгача етиб келган нусхадан тамомила фарқ қилган бўлиши мумкин.
Бағдод яқинида VIII асрда турклар яшаганми, деган савол туғилади. Маълумки, бу пайтда Турк ҳоқонлиги тўла-тўкис араблар томонидан бўйсундирилган, ҳокимият эндигина уммавийлардан аббосийлар қўлига ўтган эди. Жумладан халифа Абул Аббос ас-Саффоҳ ва унинг ўғли ал-Мансур армиясида турк аскарлари кўпчиликни ташкил қилган. Ўша пайтларда Бағдод яқинида турк ҳарбийлари яшайдиган қишлоқлар, қасабалар пайдо бўлган. Навоий айтган тўрт йиғоч (тахминан 24 километр) масофадаги жой ҳам ўша турклар яшайдиган манзиллардан бири бўлиши эҳтимолга яқин.
Қолаверса, тарихчи Абу Саъд ас-Самъоний (XII аср) ҳам Самарқанд яқинидаги Юғанак қишлоғидан чиққан ота-бола Юғанакийлар ҳақида маълумот беради ва уларни муҳаддислар сифатида тилга олади. “Ҳибат-ул-ҳақойиқ” ҳам асосан оят ва ҳадислар шарҳига бағишланганини эътиборга олсак, масала анча ойдинлашади. Ш.Камолиддин фикрича, Адиб Аҳмаднинг отаси Маҳмуд Юғанакий Аббосийлар ҳукмронлиги даврида Бағдодга бориб қолган, шу ердаги Самарра қасабасида яшаганлиги тахмин қилинади.
“Ҳибатул-ҳақойиқ”да ушбу асар ўша даврдаги юқори рутбали мулозимлардан бири Дод (ёки Дада) Сипоҳсолорга атаб ёзилган. Сипоҳсолор рутбаси дастлаб Аббосийлар даврида, юзага келган, у асосан лашкарбоши атамасига мос келган. Бу лавозим то салжуқийлар даврига қадар (1157 йилгача) амалда бўлган. Шундан келиб чиқиб, асар Бағдод яқинида яшаган турк саркардаларидан бирига атаб ёзилган, дейишимиз мумкин.
Қолаверса, Навоий даври Аҳмад Югнакийга биздан кўра 5-6 аср яқинроқ эди. “Насойимул-муҳаббат”да эса, айнан имом Аъзам Абу Ҳанифа (қ.с) даври тилга олинмоқда.