Мирзо Улуғбек бошқарувидаги қирқ йилга яқин вақт мобайнида Ватанимиз ҳудудида илм-фан, маданият, меъморчилик тараққий этди. Самарқанд, Бухоро ва Ғиждувон шаҳарларида мадрасалар барпо этилди. Хусусан, Регистон майдонида 1420 йил сентябрда фойдаланишга топширилган мадрасаи олия дунёнинг илк университетлари билан бемалол беллаша олади. Самарқандда Шарқдаги энг йирик илмий муассасаларидан бири бўлган расадхона қад ростлади.
Мирзо Улуғбекнинг ўзи ҳам давлат бошқарувидан бўш пайтларида талабаларга сабоқ берган, осмон жисмларини кузатган, тарихий ва адабий асарларга қўл урган.
Мир Алишер Навоий ўзининг “Мажолис ун-нафоис” асарида Мирзо Улуғбекнинг юксак шеърий иқтидори ҳақида ҳам сўз юритади ва унинг шеърларидан намуналар келтиради. Улуғбек даврида мумтоз ўзбек адабиёти ҳам юксалди. Буюк ўзбек шоири Лутфий Мирзо Улуғбек ҳақида шундай байтни битганди:
Улуғбекхон билур Лутфий каломин,
Ки рангин шеъри Салмондин қолишмас.
Улуғбек топшириғи билан ва бевосита унинг иштирокида битилган “Тарихи арбаъ улус” (“Тўрт улус тарихи”) асари туркий халқлар тарихини ўрганишда энг нодир манбалардан бири саналади. Мирзо Улуғбек бошчилигида расадхонадаги кузатувлар асносида 1437 йилда тузилган “Зижи жадидий Кўрагоний” асари заминимизда илми нужум, яъни астрономия жуда эрта тараққий эта бошлаганидан дарак беради. Ушбу асарда 1018 та юлдузнинг эллиптик системадаги ўрни аниқ ҳисоб-китоблар асосида кўрсатиб берилган.
Мирзо Улуғбекнинг бевосита раҳбарлиги остида кўчирилган асарлардан бири Абдурраҳмон ас-Суфийнинг (903-986) “Китаби сиварил-кавакиб ас-сабита” (“Қўзғалмас юлдузлар суратлари китоби”) асаридир. Асар нусхаси “Зижи жадиди Кўрагоний” билан деярли бир пайтда кўчирилган, дея тахмин қилинади.
Маълумки, Юлдузлар жадвалларини тузиш антик даврда, қадимги Миср, Юнонистон ва Римда бошланган эди. Бизгача етиб келган энг қадимги юлдузлар жадвали юнон олими Евдокс Книдский (эр авв. 397-345) га тегишли. У ўзининг Phainómena («Ҳодиса») асарида юлдузларнинг фазо кенгликларидаги жойлашуви ва ҳаракати ҳақидаги илмий тасаввурларни берган. Кейинчалик милодий 147/148 йилларда искандариялик астроном Клавдий Птолемей (100-160) томонидан яна бир тақвим - “Megíste” асари яратилган. Унда 1025 та юлдузнинг жойлашув ўрни кўрсатиб берилган. У 48 та юлдуз туркумини ёруғлик даражаларига кўра таснифлаб чиққан.
Асрлар давомида Ғарб ва Шарқда бу асарга бир қатор шарҳлар битилган. Бу асар араб тилига илк бор аббосий халифа Хорун ар-Рашид (763–809) даврида вазир Яҳё ибн Бармак бошчилигида таржима қилинган.
Навбатдаги таржима ва шарҳ Бувайҳийлар сулоласи вакили Адуд уд-давла (936–983) даврида фаолият кўрсатган астроном Абдураҳмон ибн Умар ас-Суфийга тегишлидир. Ас-Суфий 903 йилда ҳозирги Теҳрон яқинидаги Рай шаҳрида туғилган. У ўз асарларини араб тилида ёзган. У кейинчалик Диновар, Исфаҳон, Бағдод шаҳарларига бориб илм ўрганган, илмий фаолият билан шуғулланган. Абдурраҳмон ибн Умар подшоҳ Адуд ад-давла кўрсатмасида билан Шероз шаҳрида расадхона қурилишига ҳам бош-қош бўлган. Ас-Суфий тахминан 986 йилда Шерозда вафот этган.
Унинг энг йирик асари бўлган “Китаб ас-сиварил-кавокиб ас-сабита” (“Қўзғалмас юлдузлар тасвири китоби”) асари 964 йилда яратилган. Мазкур асар бевосита Птолемейнинг “ал-Мажистий” асари асосида яратилган бўлса-да, муаллиф кейинги даврларда астрономия соҳиясидаги янгиликлар ва ўз илмий ишзланишларини бу асарда жойлаган. Птолемей жадвали ва унинг таржималаридаги хатоликларни аниқлаб, уларга тузатишлар киритган. У Птолемей асаридаги юлдузларнинг юнонча номларини арабча муқобилини топиб ишлатган.
Кейинчалик асрлар давомида бу китобга Шарқ ҳукмдорлари тез-тез мурожаат қилганлар. Мисрда Фотимийлар ҳукмронлиги даврида милодий 1000 йилда мунажжим ибн Юнус томонидан шу асар асосида “Зиж ал-кабир ал ҳаким” асари ёзилади. 1132 йилда Марвда Баҳоуддин ал-Каракий томонидан “Китоб ал-мунтах ал-идрок фи тақосим ул-афлок” деб номланган янги жадвал тузилади. Эронда хулогулар ҳукмронлиги даврида машҳур аллома Насириддин Тусий Мароға шаҳрида қурилган расадхонада фаолият юритиб, шу асар асосида “Зижи Элхоний” жадвалини яратади.
Мирзо Улуғбек ҳам астрономия тарихидаги бу асарлар ва иншоотлардан яхшигина хабардор эди. У Самарқандни йирик илмий марказлардан бирига айлантириш баробарида бу ерда Қозизода Румий, Мирим Чалабий, Жамшид Коший, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчи сингари олимларни жамлай олди.
Маълумотларга кўра, Мирзо Улуғбек илмий фаолияти давомида ас-Суфийнинг “Китаби сиварил-кавакиб ас-сабита” асарига кўп бор мурожаат қилган. Асар “Зижи жадиди Кўрагоний” жадвали учун асос бўлиб хизмат қилган. Унинг ҳукмдорлик пайтида Самарқандда икки марта кўчиритирлган.
Айни пайтда ушбу қўлёзма Франциядаги Париж кутубхонасида Arabe 5036 рақами остида сақланмоқда. Гарчи қўлёзмиада аниқ сана кўрсатилмаган бўлса-да, уни 1429-1437 йиллар оралиғида ёзилган, деб тахмин қилиш мумкин.
Китоб 247 саҳифадан иборат. Асарнинг илк саҳифасида шундай маънони уқиш мумкин: “Бу китоб буюк султон, олий ҳукмдор, турк, араб ва форслар подшоҳи, Аллоҳнинг ердаги сояси Мирзо Улуғбек кутубхонасига тегишлидир. Жанубдан шимолгача бўлган ерлар Унинг адолатидан баҳраманд бўлди. У ўз идрокининг меваларини жаҳон аҳлига тортиқ этди. Султон Улуғбек Кўрагоний ҳазратларининг салтанатини Аллоҳ абадий қилсин!”
Китоб муқоваси Усмонийлар кутубхонасида ўрнатилган. Чамаси, Али Қушчи Истанбулга олиб келган китоблар орасида ушбу китоб ҳам бўлган.
Мазкур қўлёзмада юлдуз туркумлари инсонлар ва жонзотларнинг тасвирлари ёрдамида акс эттирилган. Қўлёзмада ҳаммаси бўлиб, 78 та миниатюра ўрин олган. Асарнинг 38 саҳифасида Цефей (Қайқовус) юлдуз туркуми учун чизилган суврат айнан Мирзо Улуғбекнинг юз тузилишига ўхшаб кетади. Маълумки, сарой қўлёзмаларидаги миниатюраларда шоҳлик рутбаси соҳиби юз чизгиларидан қудратли қаҳрамонни акс эттиришда фойдаланиш оддий усуллардан ҳисобланган. Бу ўринда ҳам мусаввир асарнинг ушбу нусхаси устида ишларкан, Мирзо Улуғбек тасвирини жойлаган. Саҳифада ҳукмдор бошида соябонлик оқ кулоҳ кийган, оёқяланг ҳолатда тасвирланган.
Дурдона РАСУЛОВА