Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида Бойсунғур Мирзо фаолияти ҳам кенг ёритилади.
Бойсунғур Мирзо - китобат ҳомийси сифатида танилган шаҳзода, Шарқ китобат тараққиётида янги даврни бошлаб берган сарой илмий муассасаси ва кутубхонасига асос солди.
Бойсунғурнинг ўзи моҳир хаттот ва мусаввир бўлган, турк, араб, форс тилларида шеърлар ҳам битган. 1420 йилда отасининг қўллаб-қувватлаши билан Ҳиротда ўз кутубхонасини ташкил этди. Ўша вақт Ҳиротда шоҳ саройида хаттот Камолиддин Жаъфар Али Бойсунғурий Табризий (ваф. 1433) ва Хожа Ғиёсиддин наққошлар (XIV асрнинг иккинчи ярми) фаолият юритган.
Бойсунғур Мирзо кутубхонасида қўлёзма китобларни тайёрлаш бўйича турли соҳа мутахассислари тўпланиб, китобат дурдоналарини яратганлар. Мустафо Али (1541–1600) “Маноқиби ҳунарварон” асарида Бойсунғур Мирзо сарой кутубхонасида 40 та хаттот фаолият олиб борганлигини қайд этади.
Бойсунғур Мирзо олти хил ёзувни мукаммал билган хаттот ҳам бўлган. Машҳаддаги онаси шарафига қурилган Гавҳаршодбегим масжидидаги ёзувларни унинг ўзи ёзган. Бойсунғур Мирзо кутубхонасида яратилган ўша давр тасвирий санъати дурдоналари бўлмиш тасвирли китоблар сўнги пайтларгача топилмасдан келар эди. Ғарбий Европа ва Шарқ санъатшунос олимларининг тадқиқотлари натижасида мазкур қўлёзмалардан баъзиларининг сақланаётган жойлари аниқланди. Улар гарчи турли мамлакатларга тарқалиб кетган бўлса ҳам, кутубхонадаги баъзи китоблар бизгача етиб келган. Ҳозирги кунда Бойсунғур кутубхонасида яратилган китобларнинг аксари Истанбул ва Теҳрон музейларида сақланмоқда.