Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875–1919) – Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг асосчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йил 19 январда Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида таваллуд топган. Сиёсат ва жамоат арбоби. Муфтий, драматург, публицист ва ношир. Беҳбудий ҳам диний, ҳам дунёвий маълумотга эга бўлиб, Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида таълим олган.
1903 йилда Ражабамин қишлоғида янги усулдаги биринчи мактабга асос солди.
1906 йилда “Мунтахаби жуғрофияи умумий” (“Қисқача умумий география”), “Мадали жуғрофияи Русий” (“Русиянинг қисқача географияси”), “Китобат ул-атфол” (“Болалар китоби”), “Мухтасари тарихи ислом” (“Исломнинг қисқача тарихи”), “Амалиёти ислом” сингари дарслик ҳамда қўлланмалар яратди. “Нашриёти Беҳбудия” деб аталган хусусий нашриёт, Бухоро, Қўқон, Наманган, Тошкент, Андижон ва Самарқандда китоб дўконлари ташкил этди.
1908 йилда Самарқанднинг “янги” шаҳар қисмида Туркистондаги дастлабки замонавий кутубхоналардан бири “Қироатхонаи исломия”ни ташкил этди.
1913 йилда “Ойина” журнални ва “Самарқанд” газетасини нашр этишни бошлади. 1914 йилда “Падаркуш” драмасини ёзди ва ҳаваскорлар билан саҳналаштирди. 1917 йилда “Турон” газетасини нашр қилишни бошлади. Бу газета ҳам жадидлар учун муҳим восита бўлиб, миллий мустақиллик, маърифат ва маданий ривожланиш ғояларини тарғиб қилган.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг фаолияти “Маҳмудхўжа Беҳбудий ва жадидларнинг янги усул мактаблари” медиалойиҳаси орқали Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида ёритилади.