МАҚОЛАЛАР
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида Қадимги Суғд цивилизацияси медиалойиҳаси намойиш қилинади.

Қадимги Суғд цивилизацияси милоддан аввалги 250 йилларда Юнон-Бақтрия таркибидан ажралиб чиққан Суғд давлати ҳудудида шаклланган. Ушбу давлат ҳудуди ҳозирги Қашқадарё ва Зарафшон воҳалари, Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларига тўғри келади (унгача бу ҳудудлар Бақтрия таркибида бўлган). Унинг аҳолиси асосан боғдорчилик, деҳқончилик, чорвачилик, савдо ва ҳунармандчилик билан шуғулланган. Буюк ипак йўли тармоқлари бўйлаб халқаро савдо муносабатларида суғдий савдогарларнинг ўрни бениҳоя катта бўлган. Суғдий тил халқаро савдо-иқтисодий ва маданий муносабатлар тилига айланган. Самарқанд, Бухоро, Кеш (Шаҳрисабз), Нахшаб (Насаф, сўнгра Қарши) Суғднинг бош шаҳарлари бўлган. Милоддан аввалги II асрдан бошлаб Суғд, дастлаб Кеш бошчилигида, кейин VII аср ўрталаридан Самарқанд бошчилигида конфедератив сиёсий давлат уюшмасига айланган. VI-VIII аср ўрталарида Суғд конфедерацияси автоном асосда Турк хоқонлиги таркибида бўлган. Суғд тарихан уч минтақани бирлаштирган: Самарқанд Суғди, Кеш-Нахшаб (Қашқадарё) Суғди, Бухоро Суғди. Ҳар учала Суғд ички бозор учун ўзи пул зарб этган.

                                                     

  Суғд цивилизацияси  “Қадимги давр маданияти, санъати ва ҳунармандчилиги: Суғд”, “Пойкент” экспедициясининг натижалари”, “Муғ тоғи ҳужжатлари”, “Самарқанд воҳасидаги  археологик тадқиқотлар” каби лойиҳаларда ҳам акс эттирилади. Ушбу лойиҳаларни ижрога киритиш орқали суғдликлар Марказий Осиё тарихида нафақат Ипак йўлини қўллаб-қувватлаган савдогар ва тадбиркор сифатида, балки рассом ва мусиқачи, заргар ва металлург, муҳандис ва шаҳарсоз ҳам бўлганлиги кўрсатиб берилади. Шунингдек, қадимги Пойкент ўрнида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижалари жамланади. Қадимий савдо йўлларида халқлар учун энг зарур бўлган тижорат маҳсулотларининг харитаси яратилади. Марказий Евроосиё чорраҳасида жойлашган қадимги ҳудуд – Суғдиёнанинг тарихий ва сиёсий ривожланиши ҳамда маданий ўзгаришлар ўрганилади.

Суғдиёна шаҳарларининг маданий, иқтисодий ва сиёсий динамикаси янги тангалар, муҳрлар ва бошқа топилмалар асосида таҳлил қилинади. Деворий сурат, ёғоч ва бошқа санъат асарлари консервация қилиниб, янги топилмалар билан музей кўргазмалари бойитилади. Ипак йўлидаги Суғдиёнанинг ўрни ва унинг Евроосиёга таъсири ёритилади. Шарқий Рим, Сосонийлар, Суй ва Тан империялари, Хунлар (хионийлар, кидарийлар, эфталийлар) ва Турк хоқонлиги билан алоқалари ўрганилади. Самарқанд воҳасининг палеомуҳити, археоботаник ва археозоологик намуналари таҳлил қилинади.