МАҚОЛАЛАР
“Меърожнома”: тилимиз ва адабиётимизнинг нодир намунаси

Ўзбек ёзув маданияти ва китобат санъати тарихидаа темурийлар даври алоҳида ўрин тутади. Амир Темур ва темурийлар ташаббуси ҳамда оталиғи остида китобат санъати ривожланди. Мўғуллар истилоси даврида эътибордан четда қолган соҳалар қайтадан бўй ростлади. Темурийлар давлатининг йирик маданий марказлари бўлмиш Самарқанд, Ҳирот, Язд, Андижон сингари шаҳарларда йирик хаттотлик мактаблари юзага келди.

Яна бир жиҳати, бу даврда ёзув маданияти, хаттотлик санъати ҳам ривожланди. Бу чоғларда темурийларнинг саъй-ҳаракати, уриниши туфайли, араб хати билан бир қаторда, ота-боболардан мерос бўлиб келаётган эски уйғур ёзуви, Навоий сўзи билан айтганда туркча хат ҳам кенг ишлатилди.

Парижда сақланаётган нодир дурдона

Темурийлар давридан қолган, ўзбек китобат санъати тарихида ўта қимматли ва нодир саналган ёдгорликлардан бири ўз даврининг йирик маданият марказларидан бўлган Ҳиротда Абу Малик бахши кўчирган уйғур ёзувли қўлёзмадир. Қўлёзма китоб ҳозир Париждаги Франция Миллий кутубхонасида сақланмоқда.

Қўлёзмага икки асар киритилган: бири “Меърожнома” бўлса, иккинчиси Фаридиддин Аттор қаламига мансуб “Тазкирату-л-авлиё” асарининг туркий таржимасидир.

Муҳим илмий-адабий манба

“Меърожнома” асари ҳамду наът билан бошланган бўлиб, унда шундай сўзларни ўқиймиз: “Шукр ва ҳамд ул мангу қодир, ўн саккиз минг оламни яратган, тартибга келтирган ва уларни неъматлантирган,биру бор ҳукумдор, Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Тангри таолога (буюклиги юксалсин ва исмлари муқаддас бўлсин), яна юз минг салавот ва таҳийят Тангри таолонинг ҳабиби, юз йигирма тўрт минг пайғамбарнинг сардори Муҳаммад расулуллоҳнинг руҳига етсин. Кўпдан-кўп раҳмат расул алайҳис-саломнинг авлоди билан аҳли байтига етсин. Уларнинг барчасидан Оллоҳ рози бўлсин”.

Ҳамду наътдан кейин китоб “Наҳжу-л-фародис” отли асардан таржима қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар берилган. 68 бетдан иборат китобда пайғамбаримизнинг Жаброил (а.с.) билан меърожга чиқиши кўтарилиш билан бошланиб, турли осомон табақалари, жаннат ва дўзахдаги саёҳатлари билан давом эттирилган.

Умуман, мазкур асар туркий тил ва адабиётни чуқур тадқиқ этишда ҳам жуда катта илмий манба бўлиб ҳисобланади.

Қўлёзмани ҳиротлик Абу Малик бахши ҳижрий 840 (мелодий 1436–1437) йили кўчириб тугаллаган. Маълумки, ўтмишда бахши сўзи асосан котибларга нисбатан айтилган. Ушбу атама қадимги турк будда, моний диний жамоаларида “устоз, мураббий; муаллим” маъноларида ишлатилган.

Замонасининг хат-саводли, ўқимишли кишиларига нисбатан қўлланган бу сўз кейинчалик туркий тилда ва уйғур хатида битувчи котибларнинг номида сақланиб қолди. Ҳозирги ўзбек тилида эса бахши сўзи “халқ достончиси, бахши”ни билдиради. Айрим ўзбек шеваларида “табиб” ҳамда “фолбин”ни ҳам бахши дейишади.

Ўтмишда уйғур хатининг бир қанча услубий тури ишлатилган эди. Шунга қарамай, ёзиш техникасининг ўнғайлиги, қулай ўқилишига қараб, кейинчалик югурик хат услуби оммалашиб кетди. Бу хат услубидан Ҳиротда ижод қилган бошқа бахшилар ҳам, Язд, Самарқанд, Андижон бахшилари ҳам кенг фойдаландилар.

Мазкур нодир қўлёзманинг факсимиле нусхаси Тошкентда ўтказилган “Замонлар чорраҳаси: ўтмушнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” медиа форми доирасида юртимизга келтирилган эди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияда “Меърожнома” нинг факсимил нусхаси, Шоҳруҳ Мирзо кутубхонаси намуналари, М.Грабар тадқиқотининг ўзбек тилидаги таржимаси жой олиши режалаштирилган.