Санкт-Петербургдаги Давлат Эрмитажида (Россия) Ўзбекистонга алоқадор беҳисоб маданий бойликлар, археологик топилмалар, уй-рўзғор буюмлари, тангалар, қурол яроғлар, шоҳона туҳфалар сақланмоқда. Бухоро амири Сайид Абдулаҳадхон Россия императори Александр III га ҳадя қилган шоҳона чодир Эрмитажнинг шаҳар ташқарисидаги “Старая деревня” реставрация ва муҳофаза марказида сақланади. Ушбу ғайриоддий ва бетакрор “тўқима сарой” 100 метр квадрат майдонни эгаллайди. Ипак ва бахмалдан тикилган, зардўзи иплар билан сайқалланган чодир бир нечта бўлмалардан иборат бўлиб, амирнинг Санкт-Петербургга 1893 йил 4 январдаги ташрифи чоғида императорга туҳфа қилинган.

Бу каби экспонатлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Иккинчи Ренессанс ва Хонликлар даври экспозициясида намойиш этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек Россия билан боғлиқ яна бир лойиҳа Санкт-Петербургдаги Бухоро масжиди ҳисобланади.
1908 йилда Россия империясининг Петербург шаҳрида мусулмонлар учун масжид қуриш лойиҳаси бошланган. Ташаббускори Бухоро амири Саййид Абдулаҳадхон ҳисобланади. 1910 йилда ушбу масжид қуриб битказилади, аммо бу вақтга келиб Абдулаҳадхон вафот этиб, ўрнига Амир Олимхон тахтга ўтиради. 1910 йил декабрь ойида масжиднинг очилиш маросимида икки қўшни мамлакат – Бухоро ва Хива ҳукмдорлари иштирок этишади. Бу учрашув тарихда биринчи ва охирги ана шундай ҳодиса бўлган.

2023 йилдан Россиянинг “Лендок” киностудияси билан ҳамкорликда “Масжид” номли кинолойиҳа бошланган. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияда масжид тарихи ва ҳозирги ҳолати, у билан боғлик бошқа маълумотлар акс этган суратлар, видеоматериаллар ҳамда ҳужжатлар нусхалари намойиш қилинади.