Маълумки, Ўзбекистон ва Италия халқлари ўртасидаги ҳамкорлик узок тарихга эга. Ғарбда бежиз она заминимиз, жумладан кўҳна ва навқирон Самарқандни қадимий Рим билан қиёслашмайди.
12-15 февраль кунлари Ислом цивилизацияси маркази вакилларидан иборат Ўзбекистон делегациясининг Италияга хизмат сафари мақсадлари ҳам икки давлат ўртасидаги маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва тарихий меросни ўрганишга ҳисса қўшишга қаратилди.
Олис мозийнинг холис садоси
Европа уйғониш даврининг атоқли вакили, буюк италян олими Алигьери Данте ўзининг “Илоҳий комедия” асарида Ибн Сино, Ибн Рушд, Беруний. Фарғоний сингари буюк зотлар номини тилга олиб ўтади. Ўз навбатида буюк аллома Абу Али ибн Синонинг асарлари XII асрдаёқ Европага, хусусан Италия заминига етиб келган.

Соҳибқирон Амир Темур даврида Италия билан дипломатик ва савдо алоқалари йўлга қўйилган. Итальян зиёлиларининг Амир Темур ва унинг фаолиятига қизиқиши ҳам ўша пайтларда бошланган. Жумладан, 1553 йилда Флоренцияда италян олими Пьетро Перондино қаламига мансуб “Скифиялик буюк Темур” китоби босилиб чиққан. Бу Европада Амир Темур ҳақидаги илк илмий тадқиқот ҳисобланади.
Ўрта асарларда буюк мутафаккирларимизнинг Италия заминига, унинг тарихи ва маданиятига қизиқиш ҳамиша юқори бўлган. Буюк мутафаккир Алишер Навоий ўз асарларида, хусусан “Тарихи мулукми Ажам” китобида Юлий Цезарь ва бошқа Рим императорлари номини тилга олган.
1557 йилда Венецияда Микеле Трамеззино Навоийнинг “Сабъаи Сайёр” асари асосида ўзининг “Уч Сарандип шаҳзодаси” асарини нашр қилдиради. Бу асар ўша даврда энг кўп ўқилган, ярим аср ичида 11 марта чоп этилган эди.
Европада буюк темурийзода ҳукмдор, Ҳиндистондаги Бобурийлар сулоласи асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига қизиқиш ҳам анча олдин бошланган.
Маълумки, Соҳибқирон Амир Темурнинг бешинчи авлоди бўлган Бобур Мирзо ҳассос шоир, қомусий олим, атоқли давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида такрорланмас ва бой ижодий-илмий мерос қолдирган.
“Бобурнома”ни Бобур ижодининг дурдонаси, XV-XVI асрларда Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Эронда содир бўлган тарихий воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи ўзига хос энциклопедия дейиш мумкин.
“Оққан дарё оқмайин қолмас...”
XVIII аср бошларидаёқ “Бобурнома” Европа тилларига таржима қилина бошлаган. Яқинда Италиянинг “Sandro Teti Editore” нашриёт уйи “Бобурнома”ни итальян тилида чоп этди. Асарни атоқли итальян олими, турколог Федерико Пасторе таржима қилган.
Ушбу нашр ўзбек ва итальян халқлари ўртасидаги адабий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқаларининг самарали ва ёрқин намунаси сифатида дунёга келди.
Китоб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сўзбошиси билан очилади. Асарни итальян тилида нашр этиш жараёнига нашриёт раҳбари Сандро Тети бошчилигидаги малакали таржимонлар, муҳаррирлар ва дизайнерлар гуруҳи жалб этилди.
Ушбу нашр Бобурийлар даврига оид 96 та миниатюра билан безатилган. Кўп нусхада чоп этилган “Бобурнома” Италия ва Европанинг кўплаб китоб марказларига тақдим қилинган.
Флоренциядаги “бобурхонлик”
Флоренция Италиянинг энг қадимий ва гўзал шаҳарлардан бири. Бу шаҳар ўзининг узоқ тарихи, буюк шоир ва бастакорлари, роман услубида қурилган меъморий ёдгорликлари билан довруғ қозонган.
Ғарб меъморчилигининг дурдонаси саналган Палаццо Строцци саройи 1489-1539 йилларда Флоренциянинг энг моҳир меъмор ва усталари томонидан бунёд этилган. Шарқ адабиётининг буюк шоҳ асари бўлган “Бобурнома” ҳам Мирзо Бобурнинг умри давомида 1494-1530 йиллар давомида ёзилган. Бу икки бебаҳо асар деярли бир пайтда Евроосиё қитъасининг икки қутбида яратилгани ҳам бежиз бўлмаса керак. Зотан, айнан шу ерда “Бобурнома”нинг итлаьян тилидаги нашри тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Италиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абат Файзуллаев, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори Баҳром Абдуҳалимов, италиялик профессор Франко Кардини, сенатор, Палаццо Строцци саройи бошқаруви раҳбари Риккардо Ненчини. “Sandro Teti Editore” нашриёт уйи раҳбари Сандро Тети, V&Co телекомпанияси директори Виктория Петросянц сўзга чиқди.
Хорижлик ҳамкорлар эътирофи
“Бобурнома”ни Бобур ижодининг дурдонаси, XV-XVI асрларда Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Эронда содир бўлган тарихий воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи ўзига хос энциклопедия дейиш мумкин, - дейди сенатор, Палаццо Строцци саройи бошқаруви раҳбари Рикардо Ненчини. – XVIII аср бошларидаёқ “Бобурнома” Европа тилларига таржима қилина бошлаган. Ушбу нашр ўзбек ва итальян халқлари ўртасидаги адабий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқаларининг самарали ва ёрқин намунаси сифатида дунёга келди. Албатта, биз учун Шарқ, хусусан Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк шахслар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш жуда муҳим”.
“Китоб Италия илмий ва маданий жамоатчилигининг буюк шоир ва қомусий олимнинг бебаҳо мероси, ўзбек давлатчилигининг уч минг йиллик тарихи билан танишуви халқингизнинг маънавий олами, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар моҳиятини англашга ёрдам беради, - деди нашриёт раҳбари Сандро Тети. - Асарнинг итальян тилида нашр этиш жараёнига малакали таржимонлар, муҳаррирлар ва дизайнерлар гуруҳи жалб этилди. Китобнинг дунёга келишида катта ҳисса қўшган барча фидойи инсонларга миннатдорлик билдираман.
Буюк аждодларнинг Италиядаги излари
Делегация вакиллари Флоренциянинг бир қатор тарихий обидалар, маданий муассасалари қаторида афсонавий Уффици галереясида бўлиб, бу ерда сақланаётган санъат дурдоналари билан танишишди.
1581 йилда очилган Уффици галереяси Италиядаги энг йирик санъат музейи ҳисобланади. Бу ерда Леонардо да Винчи, Микеланжело сингари буюк рассомларнинг бебаҳо асарлари сақланади. Мазкур санъат асарлари орасида ўрта асарларда номаълум рассом томонидан яратилган Амир Темур қиёфаси акс этган тарихий портрет борлиги ҳайъат вакилларининг эътиборини тортди.
Болонья университети кутубхонасида ҳам буюк аждодларимизга тегишли бўлган нодир осори атиқалар билан танишдик. Болонья шаҳрида 1088 йилда очилган бу олий таълим даргоҳи дунёдаги энг қадимий университет ҳисобланади. Унинг кутубхонаси ҳам салкам 300 йиллик тарихга эга. Бу ердаги қўлёзмалар орасида Шарқ китобат санъатига тегишли бўлган кўплаб араб ва форс тилларидаги, хусусан 200 га яқин туркий тилдаги манбалар ҳам сақланади.
Кутубхонада буюк аллома Абу Али ибн Сино қаламга мансуб “Тиб қонунлари” асарининг иккита қадимий қўлёзмаси сақланади. Мазкур қўлёзмалар XIV-XV асрларда кўчирилган. Шунингдек қўлёзмаларга моҳир рассомлар томонидан бир қанча миниатюралар ишланган. Қўлёзмаларда Франция Миллий кутубхонаси муҳрини ҳам кўриш мумкин. Бир пайтлар бу китоблар Франция императори Наполеон Бонапарт томонидан Парижга олиб кетилган, 1885 йилда италиялик маърифатпарварларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида бу дурдоналар яна Болоньяга олиб келинган экан.
Кичик давлатдаги улкан мақсадлар
Ватика - дунёдаги энг митти давлат. Рим шаҳри ҳудудида жойлашган бу давлат ҳудуди атиги 44 гектарни ташкил қилади. Мингга яқин аҳоли истиқомат қиладган бу давлатни Рим Папаси бошқаради. Ватикан майдони жиҳатидан харитасида нуқтадек кўринса-да, дунё сиёсатида ўз ўрнига эга. Ўзининг армияси, давлат тузуми, рамзлари ва албатта улкан фондга эга кутубхонаси ҳам бор.
Ватикан Апостол кутубхонага 1447 йилда Рим Папаси Николай V томонидан асос солинган бўлиб, у 1 500 000 дан ортиқ босма ва ёзма асарларни ўз ичига олади. Бу ерда шунингдек, 50 мингдан ортиқ лотин, грек, араб, форс, грузин, яҳудий ва туркий тиллардаги қўлёзмалар сақланади.

Учрашувда Ўзбекистон раҳбари дунё ҳамжамиятини диний бағрикенгликка, Ислом динининг маърифатпарварлик ғояларини чуқур ўрганишга чорлаб келаётгани алоҳида таъкидланди.
“Бугун дунёнинг турли бурчакларида диний ва миллий низолар ҳамон давом этаётган пайтда турли миллат ва дин вакилларининг умумий тил топишиб ҳаракат қилиши, эзгулик ва ҳамжиҳатлик ғоялари атрофида бирлашиши шарт, - деди Ватикан давлати Кутубхона ва архив ишлари бошқармаси раҳбари Дон Ангело Зани. - Шу маънода биз Ўзбекистон раҳбарияти илгари сураётган ғояларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз ва ўзаро ҳамкорлик учун ҳар доим тайёр эканимизни маълум қиламиз”.
Ҳамма йўллар... Римга элтади
Сафаримиз давомида Рим шаҳридаги Аарон хусусий коллекциясида ҳам бўлдик. Мазкур коллекцияга ўтган асрнинг 70 йилларида таниқли коллекционер Армандо Таглиокоццо томонидан асос солинган бўлиб, у Мусулмон Шарқига тегишли бўлган халқ амалий санъати намуналарини ўз ичига олади.
Аарон коллекцияси куратори Вероника Пристини бу ерда Эрон, Ҳиндистон, Яқин Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиёга тегишли бўлган 100 дан ортиқ нодир экспонатлар сақланиши, улар орасида бевосита Ўзбекистон маданий меросига алоқадор бўлган бир қатор тарихий буюмлар ҳам борлигини таъкидлади.
Мазкур коллекцияда XI аср ўрталарида ҳозирги Кармана ҳудудларида, Қорахонийлар даврига тегишли бўлган кумуш идиш ҳам сақланади. Мазкур идиш гардишида араб тилида куфий хатида “ушбу мулк мўъминлар амирининг яқин дўсти Тўғрул Қора Ҳоқонга тегишли” деган мазмундаги битиклар ўйиб ёзилган.
Шунингдек, коллекциядан сомонийлар даврида мансуб бўлган энг камида минг йиллик сопол буюмлар, Хоразмшоҳлар даврида ишланган олтин лаган ва бошқа ашёлар сақланмоқда.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб “Бобурнома” асарининг итальян тилидаги нашри тақдимотига бағишланган тадбирлар Римда ҳам давом этди.
Италиядаги Шарқшунослик институтига машҳур итальян шарқшуноси Карло Альфонсо Наллино (1876-1938) томонидан Рим шаҳрида 1921 йилда асос солинган. Асосан Шарқ халқлари тарихи, маданияти ва қўлёзмаларини тадқиқ этиш билан шуғулланади.
Тадбирда яна бир бор “Бобурнома”нинг нашр этилиши икки давлат ўртасидаги адабий ва маърифий алоқаларда муносиб ўтир тутиши алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг “Бобурнома” асари итальянча нашри ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш қилинди. Тадбирнинг фаол иштирокчиларига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан чоп этилган китоб альбомлар ҳамда итальян тилида босилган “Бобурнома” китоби ҳадя қилинди.

Италиядаги маданий мерос дурдоналари Ўзбекистонга келтирилади
Ўзбекистон делегацияси Рим, Флоренция, Болонья, Милан шаҳарларида бўлиб, қатор ташкилот ва муассасалар раҳбарлари билан Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини, контент ва концепциясини мустаҳкамлаш бўйича музокаралар ҳам олиб боришди.
Миландаги “Magister Art”, “Goppion”компанияси раҳбарлари билан учрашувлар чоғида Марказнинг чикини контентити бойитиш бўйича келишувларга эришилди.
Миланда Леонардо да Винчи ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи музейларга саёҳат ҳам ёқимли таассуротлар билан эсда қолди.
“Мен умримнинг катта қисмини буюк мутафаккир Леонардо да Винчи ҳаёти ва асарларини ўрганшга бағишладим, - дейди Милан Илм-фан тарихи музейи илмий ходими, таниқли дизайнер Марио Таддеи. - Яқинда шундай у жуда кўп кашфиётларини асосан Шарқ ва мусулмон олимлари асарларидан илҳомланиб яратган, деган илмий хулосага келдим. Хусусан у ўзи ишлаган махсус соатлар, астрономик асбоб-ускуналар макетини ясашда Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний сингари олимлар ихтироларига суянганини алоҳида қайд этиш зарур.
Италиядаги музей ва кутубхоналар, шахсий коллекциялар ва илмий-маърифий муассасаларда Ўзбекистонга оид ўнлаб топилмалар, осори атиқалар сақланаётгани аниқланди.
- Муҳтарам Президентимизнинг 29 январь кунги ташрифларида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимини жорий йилнинг сентябрь ойида ўтказиш белгиланган эди, - дейди марказ директори Фирдавс Абдухолиқов. - Ушбу тантанали маросим доирасида дунёнинг турли нуқталарида сақланаётган маданий меросимиз намуналари кўргазмасини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Яқинда Малайзияда бўлганимизда Куала-Лумпурдаги Ислом санъати музейида сақланаётган нодир экспонатларнинг кўчма кўргазмасини ўтказиш бўйича музокаралар ўтказиб қайтдик. Эндиликда Италияда аниқланган қўлёзмалар ва экспонатларнинг ҳам махсус кўргазмасини Тошкентда ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.
Умуман олганда, Европа жанубидан ўрин олган бу афсонавий ўлкага сафаримиз белгиланган режаларимизга мувофиқ кечди. Бир сўз билан айтганда, сафардан бир олам таассуротлар, янги-янги режалар, куч-ғайрат билан Тошкентга қайтдик. Ҳали олдинда ишларимиз кўп...
Рустам Жабборов,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби