Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази контентини бойитишда ўтмишда яшаб ўтган аёлларнинг цивилизациялар ривожига қўшган ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилади.
Ўтмишда бизнинг момоларимиз давлат ишларида фаол иштирок этишган, илм-фан, маданият, адабиётда улкан ютуқларни қўлга киритишган.
Қуръони карим нусхаларини кўпайтириш учун босмахоналар бўлмагани сабабли қизлар мадрасаларни тугатганларидан кейин, турмушга чиққунларига қадар, уй юмушларидан бўшаганларидан сўнг Қуръони Каримни ҳуснихат билан ёзишга киришганлар, – дейди, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тадқиқотчиси Нажмиддин Фаёзий. - Ҳар куни оз-оздан ёзиб, маълум муддатда уни тугатганлар. Қизларнинг ота-оналари улар томонидан ёзилган Мусҳафи шарифни саҳҳофларга бериб, муқова қилдириб, шу Қуръон карим нусхасини қизнинг сепига қўшиб берилган. Ҳозирда ҳам Фарғона водийсида, Бухоро, Сурхандарё вилоятларида қиз сепига Қуръон қўшиб узатиш урфи сақланиб қолган. Шу йўл билан улар Қуръон нусхалари кўпайишига ҳам ҳисса қўшганлар.
Темурий маликалардан бири Шодмалик Хотун қўли билан ёзилган Қуръони карим қўлёзмаси бунга яққол мисол бўла олади.
Тошкентда "Шарқ Ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар" номли маданий мерос ҳафталиги доирасида бир қатор янгиликлар, кашфиётлар ҳам эълон қилинган эди. Жумладан, мазкур ҳафталикда иштирок этган туркиялик тадқиқотчи, Истанбул университети профессори, доктор Эмек Ушенмез ҳам бир қатор янги лойиҳиларни илгари сурган. Шунингдек Э.Ушенмез Туркияда Амир Темур авлодидан бўлган малика Шодмалик Хотун қўли билан ёзилган Қуръони карим қўлёзмаси ҳақида маъруза қилган эди.
“Ушбу қўлёзма ҳижрий 871, милодий 1467 йилда кўчирилган, - дейди Эмек Ушенмез. - Қўлёзма қаерда кўчирилгани ҳозирча маълум эмас. У айни пайтда Истанбулдаги Турк ва ислом асарлари музейида сақланмоқда. Қўлёзманинг хотимасида араб тилида ушбу Қуръони карим Муҳаммад Султон мирзо қизи Шодмалик қўли билан кўчирилгани айтилган. Шунингдек, Шодмаликнинг отаси Муҳаммад Султон, бобоси Жаҳонгир, катта бобоси Амир Темур Кўрагон экани битилган.

Маълумки Амир Темур 1402 йилда усмонийлар султони Йилдирим Боязидга қарши жангда тўнғич набираси Муҳаммад Султонни ҳам ўзи билан олиб боради. Шаҳзода Амир Темурнинг катта фарзанди Жаҳонгир Мирзонинг ёлғиз ўғли бўлгани учун уни ўз тахтининг вориси сифатида кўрарди. Бироқ, Муҳаммад султон Анқара жангида оғир ярадор бўзлади. 1403 йилда 28 йилда Афён-Қораҳисор вилояти яқинида вафот этади. Шаҳзоданинг жасади дастлаб Султонияда, кейинчалик Самарқандга келтириб дафн этилади. Маълумотларга кўра, Муҳаммад Султондан 12 фарзанд қолган. Улардан бири Давлат Султондан дунёга келган қизи Шодмалик Султон эди.
Ушбу Қуръони карим нусхасидан маълум бўладики, Шодмалик Султон мазкур қўлёзмани ўз қўли билан ёзиб тугаллаган пайти 65-70 ёшлар оралиғида бўлган. Эътиборлиси, шу пайтга қадар темурий маликалар орасида Қуръони карим хаттотлиги билан шуғулланган аёллар ҳақида маълумот топилмаган. Бу қўлёзма нафақат диний-маърифий, балки тарихий нуқтаи назардан ҳам муҳим қўлёзма экани таъкидланмоқда.