Хоразмшоҳлар давлати ҳудудида туғилиб, мўғуллар босқини арафасида Онадўлидаги салжуқийлар давлатигат кўчиб келган Жалолиддин Румий (1207-1273) асосан форс тилида ижод қилган бўлса-да, туркий тилда ҳам ширу шакар байтлар битган, ҳар икки халқ тили, маданияти, анъаналаридан яхши хабардор бўлган.
Румийнинг асли келиб чиқиши, миллий мансубияти, она тили ҳақидаги баҳслар анчадан бери давом этиб келади. Маълумотларга кўра, Румийнинг отаси Баҳоуддин Валад Хулафои рошидин (Чаҳор ёрлар) нинг биринчиси Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) авлодларидан, она томонидан эса, Хоразмшоҳлар хонадонига бориб тақалади. Шунга қарамай, Румий ўз рубоийларидан бирида кўпчиликни баҳсга чорлаб келаётган масалага ойдинлик киритиб ўтгандек бўлади:
Бегона магиред маро, з-ин кӯям,
Аз кӯи шумо хонаи худ меҷӯям,
Душман наям, арчанд ки душманрӯям,
Аслам турк аст агарчи ҳиндӣ гӯям.
(Бу элда мени бегона киши деб ўйламанг, сизнинг кўчангиздан мен ўз уйимни изламоқдаман. Агар юзим душманга ўхшаса-да, душман эмасман. Агар ҳиндий сўзласам-да, аслим туркдир.)
Шунингдек, Румийнинг туркий сўзлар аралаштириб битган бир қатор ғазал ва байтлари бор:
Эй турки моҳчеҳра чи гардад ки субҳ ту,
Ои ба ҳучраи ману гуи ки “кел беру”...
“Тек тур” шунидам аз туву хомуш мондам,
Ғаммози ман, бас аст дар ин ишқ рангу бў.
(Эй ой чеҳрали турк гўзали, эрта туриб, ҳужрамга келсангу “бери кел” деб мени чақирсанг, нима бўлади?.. “Сендан “тек тур” деган амрни эшитиб, жим бўлиб қолдим, эй нозли ёрим, зотан бу ишқда (сўз эмас) ранг ва бўйнинг ўзи кифоядир).
Жалолиддин Румийнинг “Маснавий-и Маънавий” асарида келтирилишича, кунларнинг бирида турк, араб, форс ва юнон сафарга чиқишади. Йўлда бир саховатпеша инсон уларга бир танга ҳадя қилади. Ҳамроҳлар бу пулга нима олиш ҳақида баҳс юритишади. Араб “инаб олайлик” дейди. Форс эса “йўқ, ангур олганимиз яхши” деб эътироз билдиради. Турк “менинг узум егим келяпти” деса, юнон “истафил оламиз” деб тўполон қилади. Алқисса уларнинг орасида жанжал чиқади. Бир-бирини дўппослаб, қонга белашади. Шу пайт бу можарони бир доно инсон эшитиб қолади. “Келинглар, шу бир тангага тўртовингиз истаган нарсани олиб бераман”, дейди ва уларга бир товоқ узум келтиради. Бу ҳолни кўрган тўрт оғайни ҳайрон. “Аслида тўртовингиз ўз тилингизда битта нарсани айтиб турувдинглар, фақат бир-бирингизни тушунмаганингиз сабаб, беҳуда ёқа бўғишдинглар”, дейди донишманд.
Ҳикоят форс тилида бўлса-да, ундаги туркнинг шерикларига айтган сўзлари туркий тилда экани эътиборлидир.
Он яке к-аз турк буд, гуфт: «Эй қўзум,
Ман намехоҳам инаб, хоҳам узум».
Мавлоно Румийнинг туркий тилни яхши билгани ва бу тилда сўзлаб, ижод қилганини айрим тожик адабиётшунослари ҳам зикр этиб ўтишган. Жумладан, бу ҳақда Душанбеда чоп этилган, Тўйчи Миров ва Суннатулло Давлатзоданинг “Адабиёти точик” дарслик қўлланмасида ҳам тўхталиб, унинг ширу шакар ёхуд муламмаъ услубида битилган бир ғазали илова қилинади:
Донй, ки ман зи олам ялгуз сани севарман,
Гар дар барам наёи, андар ғамат ўларман.
Ман ёри бовафоям, бар ман жафо қилурсан,
Гар ту маро нахоҳи, ман худ сани диларман.
Рўи чу моҳ дори, ман содадил аз онам,
З-он шаккари лабонат бир икки на диларман.
Фармой ғамзаатро, то хуни ман бирезад,
В-арна санинг юзунда ман язғури ёзарман.
Моҳе чу Шамси Табрез ғайрат намуду гуфто:
«Аз ман дигар напурсед, ман сўйладим, борарман».
Мавлоно Румий вафотидан сўнг унинг ўғли Султон Валад отаси асос солган мавлавийлик тариқатини давом эттирган, форсий ва туркий тилда шеърлар ёзган. Маълумотларга кўра, Султон Валаднинг девонидан туркий ва форсий тилдаги ғазаллар, форс-турк-юнон тилидаги муламмаъ, ширу шакар ғазаллар ҳам ўрин олган. 1925 йилда Румийнинг авлодларидан бири - Валад Чалаби Избудак томонидан Истанбулда Султон Валаднинг туркча ғазаллари чоп этилган. Фаридун Нафиз Ўзлук ҳам 1941 йилда шоирнинг туркий байтлари ўрин олган девонини чоп эттирган.
Султон Валаднинг ушбу туркча ғазали ҳам ана шу тўпламлардан ўрин олган:
Сенинг юзинг гунашдир йўқса ойдир?
Жоним олди юзунг доғи не айдур?
Беним икки кўзим билгил жонимсен,
Бани жонсиз қўярсан сен, бу кайдур?
Кўзумдин чиқмаким, бу ер сенингдур,
Беним кўзум санга яхши саройдур..
Валад йўхсулду сенсиз бу жаҳонда,
Сени булди, бу кездин бег-у бойдур.
Жалолиддин Румий қайси тилда ижод қилмасин, ўз асарларида умуминсоний қадриятлар, тенглик ва ҳамжиҳатликни тараннум этди ва ўзида бебаҳо маънавий хазинани мерос қилиб қолдирди.