Нукус шаҳридан 45 чақирим масофада, Амударёнинг ўнг қирғоғида, Султон Увайс тоғининг этакларида жойлашган бу қадимий қалъа камида икки минг йиллик тарихга эга. Чилпиқ сўзи маҳаллий тилида лой маъносини, яъни қалъанинг лойдан тикланганини англатади. Аммо, ўтмишда бу қалъа қандай аталгани ҳозирча маълум эмас.
Тарихчи ва шоир Муниснинг “Фирдавсул-иқбол” асарида ушбу қалъа Чўлпуқ номи билан тилга олинган. Жанг саҳналарини чизиш орқали танилган рус рассоми Николай Каразин 1873 йил рус қўшинларининг Хивага юришини тасвирлаш чоғида ушбу қалъани ҳам эътибордан четда қолдирмаган. Дарвоқе, бу қалъа Қорақалпоғистон герби марказида ҳам ўз аксини топган.
Халқ орасида бу иншоот ҳақида турли ривоятлар юради. Улардан бирига кўра, бу қалъада бир пайтлар бир мулозимни севиб қолгани учун отасининг зуғумидан қочиб келган малика яшаган экан. Малика ўз севгилиси билан қалъага сув келтириш учун Амударёгача ерости йўлини қазишган. Арминий Вамбери ўз кундаликларида чиндан ҳам бу ерости йўли мавжуд бўлганини таъкидлайди. Бошқа ривоятда уни Чилпиқ-Қаротин исмли паҳлавон тиклаган. Ҳатто бу дахмани ёвуз шайтонга қарши курашувчи, эзгу ниятли девлар қурган, деган афсоналар ҳам учрайди.

Бир пайтлар бу ҳудудлар уч минг йиллик улкан цивилизацияга эга бўлган Хоразм давлатига қарашли бўлган. Маълумки, Хоразм зардуштийлик динининг илк марказларидан бири саналади. “Авесто” китоби ҳам айнан шу ерда вужудга келган, деган тахминлар бор. Шу боис, 2001 йилда Ўзбекистон ҳукуматиининг тегишли қарорига биноан юртимизда “Авесто”нинг 2700 йиллиги кенг нишонланган.
Қадимги Хоразм ҳудудида зардўштийлар билан боғлиқ бир қатор масканлар, ибодатхоналар қолдиқлари, осори атиқалар аниқланган. Жумладан ўтган асрнинг ўрталарида археолог С.Толстов бошчилигида Чилпиқ теварагида олиб борилган изланишлар натижасида бу қалъа қадимги зардўштийларнинг сўнгги манзили – марҳумларнинг жасадлари қўйиладиган баланд минора экани маълум бўлди.
Маълумки, зардўштийлик динида сув, олов, ер муқаддас саналган – Шу боис жасадларни кўмиш, ёқиш ёки сувга чўктириш қаттиқ гуноҳ саналган. Инсонлар вафот этгач, уларнинг жасади ана шундай минораларда қузғунларга, қурт-қумурскаларга ем қилинган. Суяклар юмшоқ тўқималардан халос бўлгунига қадар шу тепаликларда сақланган. Зардўштийлар эътиқодига шу тариқа марҳумларнинг руҳи покланган. Кейин эса, суяклар махсус идишлар – остадон (оссуарийлар)ларга солинган.
Чилпиқ қалъасининг ички қисмида ана шундай остадонлар сақланадиган ертўлалар – науслар бўлган. Олимларнинг таъкидлашича, бу бино одий аҳоли учун эмас, фақат ҳукмдор табақа ва уларнинг оила аъзолари учун мўлжалланган. Айрим манбаларда бу иншоотлар африғийлар даврига V-VI асрларга мансуб экани айтилади. Аммо, археологик қазишмалар унинг ёши эрамиздан аввалга II асрларга бориб тақалишини кўрсатади.
Айни пайтда ана шундай остадонлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олади.

Араблар босқинидан сўнг зардўштийлик тақиқланган, бора бора аҳоли тўлиқ исломни қабул қилгач, Хоразм Мусулмон шарқидаги тамаддун ўчоқларидан бирига айланган. Чилпиқ қалъаси ҳам энди қабристон эмас, мудофаа истеҳкоми вазифасини бажара бошлаган.
Хоразмшоҳлар даврида қалъа қайтадан тикланган, олисдан келаётган карвонлар учун маёқ, соқчилар учун кузатув минораси бўлиб хизмат қилган. Қалъа айлана шаклида қурилган бўлиб, унинг диаметри 65 метрга, деворларининг умумий баландлиги 35 метрга етади. Бу деворларнинг ҳар бири бир метр қалинликдаги пахса блокларидан тикланган.