Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Абу Мансур ал-Қумрийнинг тиббиётга оид асари қўлёзмаси факсимилесини тайёрлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Тайёр бўлган факсимиле марказ экспозициясига жойлаштирилади.
Абу Мансур ал-Қумрий Х асрда Бухорода яшаб, тиббиёт соҳасидаги етук мутахассислардан бири бўлган. У Бухоро амирлари саройида табиб сифатида фаолият юритган ва ёш Ибн Синонинг устози бўлган. Қумрийнинг саккизта тиббий асар ёзгани маълум, аммо улардан иккитаси бизгача етиб келган. Унинг “Китоб ал-ғина ва-л-муна” (“Муфассал ва исталган китоб”) асари инсон танасининг барча аъзоларини даволашга бағишланган бўлиб, кўплаб нуфузли кутубхоналарда қирқдан ортиқ қўлёзма нусхалари сақланиб келмоқда.
Қумрийнинг иккинчи машҳур асари – “Тиббий истилоҳларни ёритувчи китоб” тиббий луғат шаклида бўлиб, унда 350 дан ортиқ тиббий атамалар изоҳланган. Бу асарда ўша давр тиббиётида ишлатилган парҳез таомлар, ичимликлар ва махсус мосламалар ҳақидаги маълумотлар ҳам келтирилган. XVI асрда Бобур ва Ҳумоюннинг хос табиби Юсуф ибн Муҳаммад Юсуф томонидан форс тилига таржима қилинган бу асар 1991 йилда рус тилида ҳам нашр этилган.
Қумрийнинг илмий мероси нафақат Ибн Синонинг етук олим сифатида шаклланишига катта таъсир кўрсатган, балки бугунги кунда ҳам тиббиёт соҳасида қимматли манба ҳисобланади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу буюк табибнинг асарларини ўрганиш ва уларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.