Хоразм Маъмун академияси раиси, биология фанлари доктори, профессор Абдуллаев Икрам Искандарович билан суҳбат
–Яқинда Давлатимиз раҳбари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, марказ олдида турган муҳим вазифалар ҳақида гапириб ўтди. Ушбу марказнинг яқин ҳамкорларидан бири, шунингдек, Марказ кенгайтирилган илмий кенгаши аъзоси сифатида унинг контентини янада бойитиш бўйича қандай таклифларни илгари сурмоқчисиз?
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 29 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Бу мажмуа тарихимизда илгари бўлмаган улкан ва Марказий Осиёда, қолаверса, ўзига хос миллий архитектураси билан алоҳида ажралиб турувчи ягона ноёб лойиҳа ҳисобланади.
Президент халқимизнинг бой ва бетакрор меросига оид кўп китоблар, турли ўлкаларга сочилиб кетган қўлёзмалар, ноёб маълумотлар, санъат асарлари, мана шу марказ сабаб бир жойга тўпланаётганлигини билдириб, энди уларни фақат аждодларимиз мероси сифатида сақламасдан, фаол илмий истеъмолга киритиш, аҳолимиз, ёшларимизга тушунарли тилда етказиш, жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Албатта давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзларидан келиб чиқиб, алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, хали халқимиз қўлида, уйида сақланиб келинаётган кўплаб ноёб қўлёзмалар мавжуд. Уларга Шарқ мутаффакир алломаларимизнинг дунё илм-фанига ва ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаларини ушбу қўлёзмаларни шу каби илмий тадқиқот марказларига топшириш орқали миллатимизнинг ёрқин ишларини кўрсатиб бериш билан савобли ҳамда хайрли ишларга қўл уриётганлигини тушинтириш ва тарғиб ишларни амалга ошириш зарур деб биламан. Шу асосда биз марказ контентини янада бойитишга ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Мажмуада “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар ташкил этилади. Президентимиз мазкур бўлимларнинг илмий концепцияси, яратилган шароитларга алоҳида эътибор қаратди. Санаб ўтилган даврлар тарихи турли тарихий топилмалар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилган.
Мен Марказнинг яқин ҳамкорларидан бири, шунингдек, Марказ кенгайтирилган илмий кенгаши аъзоси сифатида яна шуни алоҳида таъкидлашим мумкинки, “Биринчи Ренессанс даври” Хоразм Маъмун академиясида фаолият кўрсатган Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср ибн Ироқ ва бошқа алломалар ҳамда уларнинг шогирдлари шажарасини интерфаол харита ёрдамида ёритиш, намойиш қилиш, албатта “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври, ушбу даврларга хос буюк аждодларимизнинг қолдирган илмий-маънавий мероси, ноёб қўлёзма манбалар дунёнинг барча бурчакларига тарқалганлигини, мазкур маскан ҳақиқий илм фан ва Ислом цивилизацияси маркази эканлигини ифодаловчи лойиҳа ҳисобланади.
–Хоразм Маъмун академияси марказ фонди ва контенти бўйича қандай лойиҳаларни таклиф этмоқчи?
Биз Хоразм Маъмун академияси томонидан Марказ фонди ва контенти бўйича “Хоразм Маъмун академисида фаолият юритган алломалар асарлари қўлёзмалари каталогини яратиш” лойиҳасини таклиф этмоқчимиз. Бу лойиҳа асосан дунё фондларида сақланаётган Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Ироқ, Абу Али ибн Сино ва академиянинг бошқа алломалари асарлари қўлёзмаларини аниқлаш, уларнинг умумий каталогини яратиш, тарқалиш географияси харитасини тузиш ва экспозициясияда акс эттиришга қаратилган. Шунингдек, Хоразм Маъмун академиясида фаолият кўрсатган алломаларнинг глобус атрофидаги мулоқотларини акс эттирувчи лазер галаграммаларидан ҳам фойдаланиш ушбу давр хос хусусиятларни намоён қилишда муҳим ўрин тутади.
–Маълумки, биринчи ренессансда даврида Хоразм ҳудудида жуда катта кашфиётлар амалга оширилган. Бугунги кунда хоразмлик олимлар қандай йирик лойиҳалар устида иш олиб боришмоқда?
Хоразм Маъмун академияси олимлари, жумладан, археология ва тарих соҳасида Хоразмнинг қадимги ва ўрта асрлар шаҳарсозлиги ҳамда кўчманчи чорвадорлар маданиятига мансуб ёдгорликларни тадқиқ қилиб келмоқда.
Хоразм Маъмун академияси олимлари ҳозирги кунда Хоразм вилоятидаги Чап қирғоқ Кат-қалъани тадқиқ қилиш асносида Хоразмнинг қўшни этник-маданий ҳудудлар билан ўзаро муносабатлари, даврлаштириш, ижтимоий тузум, иқтисодиёт ва маданият билан боғлиқ қадимги ва ўрта асрлардаги тарихий жараёнларнинг муҳим муаммоларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Чап қирғоқ Кат-қалъа ёдгорлигида амалга оширилган изланишлар қадимги даврда Хоразм воҳасида оммавий урбанизация жараёнлари масаласи ва шаҳарларнинг топографик тузилишига доир муҳим маълумотларни тақдим қилмоқда.
Ёдгорликни тадқиқ қилишда хорижий мутахассислар билан ҳам ҳамкорликда фаолият амалга оширилиб, аниқланган моддий ашёларнинг намуналари Испаниянинг Барселона университети ва Буюк Британиянинг Линкольн университети лабораторияларида ўрганилмоқда.
Чап қирғоқ Кат-қалъанинг моддий маданиятини таҳлил қилиш антик ва ўрта асрларда шаҳар маданиятининг шаклланиши ва ривожланиши жараёнининг ўзига хослигини кузатиш имконини беради.
Ёдгорликда олиб борилган тадқиқотлар, уни ўрганилишининг истиқболлари тарихий-археологик туризмни ривожлантиришда жуда катта имкониятларга эга эканлигини кўрсатди.
Ўз навбатида Хоразм Маъмун академияси олимлари Хоразм воҳасининг жанубий сарҳадларида археологик қидирув ишларини ҳам амалга ошириб, янги археологик объектларни аниқлаш, уларнинг тарихий аҳамиятини кўрсатиб бериш, археологик ёдгорликлар каталогини яратиш устида ҳам иш олиб бормоқда.
Хоразм вилоятининг Кўшкўпир, Хива ва Тупроқ-қалъа туманларида олиб борилган археологик қидирув ишлари натижасида Хоразмнинг жанубида Қорақумга туташ ҳудудларда, Амударёнинг эски ўзанлари атрофида антик ва ўрта асрларга оид аҳоли манзилгоҳлари, ўрта аср қабристони, Қизилқум билан ёндош Амударё соҳили бўйларида бронза даври, антик давр ва илк ўрта асрларга оид кўчманчи чорвадорлар маданиятига мансуб мозор-қўрғонлар аниқланди.
–Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Дурдона Расулова суҳбатлашди.