Буюк мутафаккир ижоди асрлар давомида бутун инсониятни эзгуликка, тинчлик ва дўстликка даъват этиб келган. Шу боис, энг оғир дамларда ҳам Алишер Навоий мероси инсонлар қалбида ёруғ кунларга умид уйғотган. 1941 йилнинг 10 декабрь куни Иккинчи жаҳон урушининг энг мудҳиш дамлари, Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) даҳшатли қамал исканжасида қолган пайтларда Эрмитажда Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан илмий-анжуман ўтказилган.
Қамалда қолган шаҳар
Маълумки, Адольф Гитлер бошчилигидаги нацистлар 1941 йилнинг 22 июнида собиқ Совет Иттифоқига ҳужум бошлаган. Гитлернинг режасига кўра, биринчи навбатда Ер юзидан йўқ қилиниши керак бўлган совет шаҳарларидан бири шубҳасиз Ленинград эди. У катталигига кўра, иттифоқнинг иккинчи йирик шаҳри саналар, бу ерда уч миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиларди. Ленинград иттифоқнинг ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлган марказларидан ҳисобланарди. Шу боис ҳужумнинг дастлабки кунлариданоқ Ленинградни эгаллаш ва уни ер билан яксон қилишга киришилади. 1941 йил 8 сентябрдан бошлаб, шаҳар фашистлар ва уларнинг иттифоқчилари томонидан қуршовга олинади. Аммо ленинградликлар сўнгги томчи қонлари қолгунча шаҳарни ҳимоя қилишга бел боғлашади. Қамал шароитида шаҳарда аҳвол кун сайин оғирлашиб борар, ҳар куни душман кучларининг ҳаво ҳужумлари оқибатда ўнлаб инсонлар ҳаёт билан видолашарди. Айни 1941 йилнинг қиш кунлари бошланиши билан аҳвол янада оғирлашади. Шаҳардаги озиқ-овқат захиралари тугаб борар, канализация, электр ва иссиқлик таъминоти тамомила издан чиққанди. Биргина ўша йилнинг декабрь ойида 50 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакиллари очлик қурбонига айланади.
Ғарбий Европада Иккинчи жаҳон уруши тобора аланга олаётган бир пайтда 1941 йил 12 март куни Низомий Ганжавийнинг 800 ҳамда Алишер Навоийнинг 500 йиллигини нишонлаш ҳақидаги ҳукумат қарори имзоланган эди. Ленинград даҳшатли қамал исканжасида қолганига қарамасдан, буюк мутафаккирлар таваллуди нишонланаверади.
Жумладан, Навоий ижодига бағишланган кечалар Ленинград зиёлиларининг ўзига хос жасорат намунаси бўлди. 10 декабрь куни Эрмитаж биносига таклиф қилинган шоир ва олимлар, рассом ва зиёлилар очликдан аранг қадам ташлаб, Навоийнинг 500 йиллиги юбилейига етиб келишади.
Ленинград Фарфор заводи рассоми Михаил Мох Эрмитажнинг совуқ хоналаридан бирида, милтиллаб ёнаётган печь қаршисида ўтириб, Навоийнинг 500 йиллигига бағишланган чинни идишларга расм соларди. Бу идишлар ҳозиргача Эрмитажда сақланади. Фашистлар шаҳарни дамба-дам тўпга тутишар, бомба ёғдиришар, ҳар дақиқада очлик ва ҳужум сабабли ўнлаб инсонлар ўлимга рўбару келарди.
Ленинград, 1941 йил, 10 декабрь.
Буюк мутафаккир Навоий таваллудининг 500 йиллиги тадбирларида И.Орбели, Н.Лебедев, Е.Бертельс, Б.Пиотровский. И.Крачковский, В.Рождественский сингари олимлар ва адиблар иштирок этишган.
Ушбу тадбирда машҳур шарқшунос олим Иосиф Орбели шундай деганди: «Бугун жуда мураккаб бир пайтда Навоий таваллудини нишонлаяпмиз. Душманлар шаҳарни мажолсиз ва жонсиз деб ўйлаётган бир пайтда бу тадбирнинг ўтаётгани халқнинг мардона руҳидан, унинг букилмас иродасидан дарак беради. Биз, албатта, ғалаба қозонамиз ва тинчлик шароитида Навоий таваллудини муносиб тарзда нишонлаймиз. Аммо душман замбараклари остида ўтаётган бу тадбир инсон хотирасида абадий қолади. Ҳеч нарсага қарамасдан шеърият яшайверади ва уни ҳеч қандай куч мағлуб этолмайди. Биз ҳар доим унинг мафтункор оламига кириб бораверамиз».
Очлик ва ўлим исканжасида
Ана шундай мураккаб, даҳшатли кунларда, очлик ва ўлим хавфи бутун шаҳарни исканжага олган бир пайтда санкт-петербурглик олимлар Навоий таваллудини нишонлашган. Орбели нутқ сўзлаётганда икки марта кучли портлаш юз беради, ҳамма деразага қарайди. Фашистларнинг иккита бомбаси Нева дарёсига келиб тушганди. Аммо шунга қарамасдан одамлар йиғилишни тарк этишмайди, шеърхонлик давом этади.
– Очлик, муҳтожлик, қаҳратон совуқ, турли касалликлар бутун шаҳарни исканжага олганди, – деганди Эрмитаж раҳбари Михаил Пиотровский. – Марҳум отам Борис Пиотровский ўша йилларда Эрмитажга раҳбарлик қилган, ундан қамал даҳшати, ўша пайтда бу ерда ўтказилган навоийхонлик ҳақида кўп эшитганман. Шаҳар фашистлар томонидан қамалга олинган, душман ҳар лаҳзада шаҳар устига ажал ёғдириши мумкин эди. Аммо, олимлар Навоийга бўлган ҳурмат туфайли ўз жонини хатарга қўйиб бўлсада, мажлисга етиб келган. Ўшанда бутун шаҳарда чироқ ўчган бўлсада, Эрмитажда электр таъминоти узилмаган. Нева дарёсидаги бир пайтлар императорга тегишли бўлган «Қутб юлдузи» яхтасидан ток улаб, Эрмитажнинг чироқлари ва муфель печларини ёқишган. Олимлар очликдан силласи қуриган бўлсада, аранг оёқда туриб, Навоий ижоди хусусида мулоҳазаларини билдиришган, рус тилига таржима қилинган шеърлари ўқиб берилган.
Таржимон Николай Лебедев орадан икки кун ўтиб, Эрмитажда такроран ўтказилган навоийхонлик кечасида, Навоийнинг шеърларини шивирлаб туриб, очлик, касаллик ва ҳолсизликдан вафот этган.
Ўз-ўзидан савол туғилади: Хўш, шаҳарда ҳаёт-мамот масаласи ҳал бўлаётган бир пайтда Совет ҳукуматига бундай юбилейларни ўтказиш нега керак эди? Бу мутафаккирларга Сталин шу қадар ҳурмат билан қараганми? Ахир, у пайтларда раҳбариятнинг қатъий кўрсатмаси бўлмаганда, қуйидан ҳеч ким бундай ташаббус билан чиқолмасди-ку? Бу саволга аниқ жавоб қайтариш қийин. Шуниси аниқки, Низомий ва Навоийнинг юбилейларини ўтказиш бўйича қарор ҳали уруш бошланмасдан анча олдин чиққан, тадбирлар режаси тасдиқланган, уларни ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эди.
Қолаверса, Ленинградда юз бераётган ҳар бир воқеадан Гитлер бошчилигидаги нацистлар ҳукумати хабардор эди. Қамалда қолган шаҳарда маданий тадбирларнинг ўтказилиши душманни чалғитиши ёки унинг тасаввурида қамалдагиларнинг қаҳрамонлиги, иродаси, матонатини акс эттириши лозим эди. Бундан мақсад эса, албатта фашистлардаги шахду шиддатни, ғалабага бўлган умидни бироз бўлса-да, сўндириш бўлган. Қолаверса, ленинградлик шарқшунос олимлар Навоийдек буюк мутафаккир меросининг куч-қудрати, маҳобатини англаб етишган, эҳтимол оғир кунларда ундан куч, далда олишгандир...
Орадан саксон йил ўтиб...
...2021 йилнинг 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида, Шарқ қўлёзмалари институтида ва Эрмитажда Буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ҳамда қамал давридаги навоийхонликнинг 80 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.
– Ҳурматли Президентимизнинг «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида» қарорига асосан мазкур илмий-бадиий кечанинг қайта тикланиши давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуснинг халқаро илмий ва маданий ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланганидан далолатдир, - дея эслайди Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолқов. - Қамалдаги Ленинградда Навоийхонлик кечаларининг ўтказилганлиги буюк шоир тараннум этган тинчлик ва инсонпарварлик ғояларига юксак садоқат рамзидир.
Тадбирда Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров, Эрмитаж директори Михаил Пиотровский, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ректори Шуҳрат Сирожиддинов, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова, навоийшунос Султонмурод Олим каби таниқли олимлар, шоирлар, навоийшунослар иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ артисти Муножот Йўлчиева ижросида ҳазрат Навоий ғазаллари билан айтилдиган мумтоз тароналар ижро этилди.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ташаббуси билан ўтказилган бу тадбирда Навоий меросининг бугунги кундаги аҳамияти, унинг инсонпарварлик ғоялари, қамал пайтидаги навоийшунослар жасорати хусусида сўз юритишди.
Рустам Жабборов