МАҚОЛАЛАР
АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙНИНГ ПОКИСТОНДАГИ ИЛМИЙ ЛАБОРАТОРИЯСИ АНИҚЛАНДИ

Абу Райҳон Беруний (973-1048) илмий мероси бугунги кунда дунёнинг турли мамлакатларида тадқиқ қилинмоқда. У яшаган, илмий тадқиқотлар олиб борган ҳудудлар ҳар доим жамоатчилик диққат марказида бўлиб келган.

Ўрта асрда Ернинг ҳажмини аниқлашда юртимиздан етишиб чиққан олимларнинг хизматлари катта бўлган. Мусо Муҳаммад ал-Хоразмий бир градус меридиан ёйнинг узунлиги 111,8 километрга тенглигини исботлаб берган. Орадан бир ярим аср ўтиб,  Абу Райҳон Беруний Ернинг катталигини ўлчашда янги усул қўллаб, бу кўрсаткич 111,16 километр, шунингдек  Ер меридианининг   узунлиги 40183 километр эканлигини ҳисоблаб чиқарган.

Тарихий маълумотларга кўра, Султон Маҳмуд Ғазнавий 1037 йилда  Ҳиндистонга қилган юришида  Берунийни ҳам ўзи билан бирга олиб кетади. Султон қўшини йўл йўлакай бир қатор шаҳар ва қалъаларни забт этади. Улар орасида баланд тоғ этакларида жойлашган, ҳиндларнинг Нандана қўрғони ҳам бор эди.

Қўрғоннинг ғарб томонида баланд тоғ, жанубий томонида эса кенг саҳро жойлашган. Шу ерда аллома Қуёш ҳаракатини оддий устурлоб ёрдамида ўлчаб кўради ва Ер курраси радиусининг узунлиги 12 миллион 803 минг газдан ортиқроққа (салкам 6315 километрга)  тенг эканлигини ҳисоблаб чиқади. Бу кўрсаткич бугунги аниқ ҳисоб китоблардан  атиги 5 километрга  фарқ қилади холос.

Беруний лабораториясининг қолдиқлари ҳозирги кунда Жҳелумдаги Нандана қалъасида сақланиб қолган. Беруний учун Нандана қўрғони ўша пайтда махсус илмий лаборатори вазифасини ўтаган. У бир неча шу қўрғонда яшаб, ҳисоб китобларини амалга оширган.

Ушбу қўрғон харобалари бугунга қадар етиб келган бўлиб, у Покистоннинг Панжоб вилояти ҳудудида жойлашган. Қалъа бугунги кунда анча хароб аҳволга келиб қолган 2021 йил февралда Покистон Бош вазири Имрон Хон мазкур тарихий обидани реставрация қилиш ва ҳудудни халқаро сайёҳлик марказига айлантириш ҳақда қарор чиқарган. Бироқ, ҳали бу ҳудудда маълум сабабларга кўра амалий ҳаракатлар деярли кўзга ташланмаяпти.

Айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мутасаддилари томонидан Покистонга илмий экспедиция уюштириш ва буюк бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний маълум муддат фаолият кўрсатган ва йирик кашфиётлар қилган бу тарихий ёдгорликни тадқиқ этиш масалалари ўрганилмоқда.